Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
“Қозон Экспо” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Иштирокчилар эътиборига “Келажак ўйинлари” дастурига кирган спорт турлари ҳақида видеолавҳа ва театрлаштирилган саҳна кўриниши тақдим этилди.
Давлатимиз раҳбари иштирокчиларга омад тилаб, 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Маросимдан сўнг олий мартабали меҳмонлар махсус кўргазма билан танишдилар. Виртуал макондаги беллашувлар ва анъанавий спортни ўзида мужассам этган “фижитал-спорт” концепцияси тўғрисида маълумот берилди.
Етакчилар киберспорт мусобақаларини, фижитал-футбол бўйича машғулотлар жараёнини кузатдилар, спортдаги янги йўналишнинг бугунги ривожи ва истиқболлари ҳақида ҳикоя қилувчи тасвирий санъат намуналари ва тақдимотлар билан танишдилар.
“Келажак ўйинлари” – беллашувлар бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақадир. У жорий йилнинг 21 февраль кунидан 3 март кунига қадар давом этади.
Турнирда 100 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 300 та жамоа, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Юртдошларимиз фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда куч синашади.