Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Шэньчжэнь шаҳрида Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин билан учрашув ўтказди.
Гуандун – Хитойнинг энг ривожланган ҳудудларидан бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизини шакллантиради ва бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилади. Музофот Ўзбекистон ҳудудларининг энг йирик иқтисодий шеригидир.
Учрашувда музофот билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, юқори технологик тармоқларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Куни кеча ХХР Раиси Си Цзиньпин билан сермаҳсул музокаралар ўтказилгани, улар доирасида ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш масаласи қўллаб-қувватлангани мамнуният билан қайд этилди.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, шу жумладан Гуандуннинг етакчи компаниялари учун мамлакатимиз ҳудудларида ихтисослаштирилган юқори технологик парклар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кеча бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда ташкил этилиши келишиб олинган Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгаши фаолиятида Гуандун муҳим ўрни тутиши таъкидланди.
Ўзбекистон музофот ҳудудида жойлашган “Huawei”, “BYD”, “ZTE” ва бошқа илғор компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Гуманитар алоқалар ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш мақсадида IT таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.