Ўзбекистон Президенти Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида 9 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди.
Ўзбекистон халқининг Буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс. 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди, яна минглаб ватандошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтган.
Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Ўзбекистонга 170 га яқин завод ва фабрика эвакуация қилинди ва қисқа муддатда қайта ишга туширилди.
Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди.
Юртимизда Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган аждодларимизнинг жасоратини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳар йили рағбатлантирилмоқда, уларнинг соғлиғини асрашга устувор аҳамият берилмоқда. Тошкент шаҳрида улкан Ғалаба боғи очилди, унда “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги ва Шон-шараф музейи барпо этилди.
Москванинг Қизил майдонида Ғалаба паради бўлиб ўтди. Уни Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам кузатди.
Тадбирдан сўнг Ўзбекистон раҳбари бошқа давлатлар етакчилари билан бирга Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди ва Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган аскарлар, шу жумладан ўзбек ўғлонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шу билан Россияга амалий ташриф якунланди. Аэропортда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.