Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 18/08/2023 Ўзбекистон Президенти БМТ институтлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Президенти БМТ институтлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти БМТ институтлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш масалалари бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча бошчилигидаги ушбу нуфузли глобал тузилма делегациясини қабул қилди.

Узоқ муддатли Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш борасида БМТ институт ва марказлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида юқори даражали вакил Мирослав Енча давлатимиз раҳбарига ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. БМТ тузилмалари бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизнинг БМТ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги мисли кўрилмаган юксак даражага чиқди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, ЮНЕСКОнинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг биргина иккинчи ярмида мамлакатимизда БМТ доирасидаги қатор муҳим халқаро тадбирлар, шу жумладан Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ФАО конференцияси ҳамда Жаҳон туризм ташкилоти бош ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашувда барқарор тараққиёт соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва бу жараёнда БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг