Ҳозирда узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланмоқда. Лойиҳалар 2017-2021-йилларда амалга оширилади.
Лойиҳаларнинг баҳоси 295 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳалар Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади (ЎТТЖ).
Йилдан-йилга аҳоли сонининг ўсиб бориши ва метрополитендан фойдаланишга бўлган талабининг юқорилиги боис янги метро йўналишларини барпо этиш, ушбу соҳани тубдан модернизация қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бундай улкан лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мазкур йўналишда барчага ўрнак бўлаётган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ишониб топширилди. Унга кўра, акциядорлик жамияти Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг тугалланмаган қисмини охирига етказиш, Олмазор-Сергели йўлини қуриш ишларини амалга оширади.
Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Юнусобод йўлининг “Шаҳристон” ва “Туркистон” бекатларигача бўлган узунлиги 2,7 километрни ташкил этувчи, лойиҳа доирасида битказилмай қолган ҳудудда ишлар бошлаб юборилди.
Лойиҳа доирасида Сергели мавзесигача “Енгил метро” тизимини, яъни ернинг устидан эстакадалар (кўприклар) орқали ўтган янги метрополитен йўлини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Маълумки, муҳандис-геологик омилларга кўра, Сергели мавзесига ер ости метросини қуриш мураккаб иш. Метрополитеннинг “Олмазор” бекатидан Сергели мавзесигача узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи 6 та бекат қурилиши режалаштирилган. Унга кўра, метро ер остида эмас, эстакадалар орқали ҳаракатланади.