Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки Ўзбекистон учун банк кафолати кўринишидаги 3,5 млн долларлик молиялаштиришни маъқуллади. Ушбу кафолат "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ давлат компаниясининг қуввати 100 МВт бўлган янги қуёш электр станциясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Хоразм вилоятидаги ушбу объектни қуриш ва эксплуатация қилиш билан Франциянинг "Voltalia" компанияси шуғулланади.
Қуёш электр станциясини 2025 йил ноябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. У 177 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 240 гигаватт-соатдан ортиқ қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаради. Унинг фаолияти йилига 230 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш ва 60 мингга яқин уй хўжаликларини тоза энергия билан таъминлаш имконини бериши кутилмоқда. Лойиҳа мамлакатнинг тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларига салмоқли ҳисса қўшади.
“Жаҳон банки гуруҳи “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ Ўзбекистоннинг энергия бўйича эҳтиёжларини қондиришда ва 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбаларини 25 ГВтга етказишда қўллаб-қувватлайди, бу эса ушбу ўн йилликнинг охирига келиб мамлакатда истеъмолдаги электр энергияси улушининг 40 фоизини ташкил этади,” – дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова. “Хоразм вилоятида қуёш электр станцияси лойиҳаси доирасида тақдим этилган Жаҳон банкининг банк кафолати қайта тикланадиган энергетика соҳасига янги хусусий инвесторларни жалб қилишга ёрдам берганидан хурсандмиз. Бу соҳани диверсификация қилиш ва бозорга қўшимча иштирокчиларни жалб қилиш имконини берди, ўз навбатида, бу мамлакатга катта фойда келтиради.”
Қуёш электр станцияси лойиҳаси “Voltalia” шўба корхонаси “Sarimay Foreign Enterprise LLC” компанияси томонидан амалга оширилади. Компания ушбу объект лойиҳасини ишлаб чиқиш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш учун жавоб беради. Лойиҳа ишга туширилгач, “Sarimay Foreign Enterprise LLC” станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ давлат компаниясига сотади. Бу икки томон ўртасида 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган.
Жаҳон банки томонидан тақдим этилган 3,5 млн долларгача бўлган банк кафолати “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Sarimay Foreign Enterprise LLC компаниясидан электр энергиясини сотиб олиш бўйича тўлов мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди. Ушбу кафолат, шунингдек, Хоразм вилоятида лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган 80 миллион долларлик қўшимча капитал инвестицияларни, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан 54 миллион доллардан ортиқ молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам берди.
“2020 йилдан буён Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ҳукуматининг 1000 МВт қуёш ва 500 МВт шамол энергияси қувватларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун биз банк кафолати, молиявий ресурслар, маслаҳат хизматлари ва техник ёрдам кўрсатдик, шунингдек, қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашдик,” - деди Жаҳон банкининг энергетика бўйича катта мутахассиси ва Ўзбекистон энергетика секторида банк кафолатлари бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Фархат Эсен.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Жаҳон банки гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланган қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳалар қуйидагиларни ўз ичига олади: Навоий вилоятида жойлашган 100 МВт қувватга эга Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станцияси (2021 йилда ишга туширилган); Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 440 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси (2024 йилда ишга туширилган); Навоий вилоятида жойлашган 500 МВт қувватга эга Ўзбекистондаги биринчи шамол электр станцияси (2024 йилда ишга туширилган); шунингдек, Бухоро вилоятидаги 63 МВт/126 МВт*с қувватга эга 250 МВт қувватли энергияни тўпловчи аккумулятор тизимига эга (BESS) қуёш электр станцияси (қурилиш жараёнида). Бухоро вилоятида ўрнатилаётган BESS тизими Марказий Осиёдаги биринчи бундай тизим ҳамда қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкининг банк кафолатини олган жаҳондаги биринчи тизим ҳисобланади.