Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 25/11/2016 Ўзбекистон иқтисодиётига яқин беш йилда 40 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади
Ўзбекистон иқтисодиётига яқин беш йилда 40 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш борасидаги чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган.

Сайловолди дастурида асосий ва муҳим вазифа – 2030-йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга ошириш деб белгиланган.

Шу мақсадда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёси, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган 8 та махсус дастур қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу чоралар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради. Бундан ташқари, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Қиймати салкам 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 2016 йилга нисбатан 2,2 баробар, жумладан, ип газлама – 2,7 баробар, тайёр трикотаж мато – 3 баробар, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари – 3,4 баробар, пайпоқ маҳсулотлари – 3,7 баробар ортади ва мос равишда ушбу даврда маҳсулотлар экспортини 2 баробар ошириш кўзда тутилмоқда.

Бу соҳадаги мавжуд 100 минг иш ўрни яна 27 мингдан ортиқ янги иш ўринларига кўпаяди. Энг муҳими, 2021-йилга келиб юртимизда ишлаб чиқарилаётган пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга эришилади.

Охирги 11 йил ичида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан кам бўлмай келаётгани, мамлакат иқтисодий кўрсаткичларини икки баробар ­ошириш учун эса ўртача йиллик ўсишни 4,8 фоиз даражада сақлаб туриш лозимлигини инобатга оладиган бўлсак, партиямиз номзодининг сайловолди дастури мустаҳкам иқтисодий асосга қурилгани маълум бўлади. Бунинг устига, бугунги кунда кўпгина давлатларда ишлаб чиқариш ­ пасайиши ва истеъмол талаби қисқариши кузатилаётган бир пайтда, Ўзбекистонда кенг кўламли инфратузилма қурилиши, шу жумладан, хориж сармояси иштирокидаги бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Хусусан, биргина 2015-йили умумий қиймати 7 млрд. 400 млн. АҚШ долларини ташкил этган 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилиши якунланиб фойдаланишга топширилгани бунинг яққол исботидир. Шунинг учун 2030 йилга бориб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробар ошириш ва юқори даражадаги даромад ҳамда ривожланган иқтисодиётга эга бўлиш бажариш мумкин бўлган вазифа ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастурида халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловида Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз.

Баҳром НИЁЗМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг