Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 16/01/2017 Ўзбекистон иқтисодиёти 2016-йилда 7,8 фоизга ўсди
Ўзбекистон иқтисодиёти 2016-йилда 7,8 фоизга ўсди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистонда 2016-йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга ўсди”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017-йил 14-январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016-йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017-йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлисида.

Шунингдек, президент томонидан саноат маҳсулоти ҳажмлари – 6,6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари – 12,5 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,4 фоизга, хизматлар – 12,5 фоизга ўсганлиги, Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланганлиги, инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмаганлиги ва 5,7 фоизни ташкил этганлиги қайд этилди.

Иқтисодиётга 16,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёки 2015-йилга нисбатан 9,6 фоизга кўп инвестициялар йўналтирилди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоизга ўсди ва 3,7 миллиард доллардан ошиб кетди. Умумий қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган 164 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш якунланди. Шу жумладан, “ЖМ Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделдаги енгил автомобилларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, Жиззах вилоятида цемент заводи кенгайтирилди, Толимаржон иссиқлик энергия станциясида қуввати 900 МВт бўлган буғ-газ қурилмалари ҳамда Ангрен иссиқлик энергия станциясида қуввати 150 МВт бўлган юқори кулли кўмирни ёқувчи энергия блоки ишга туширилди.

Фарғона водийси вилоятларини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган, Қамчиқ тоғли довони орқали ўтувчи 19 километрлик ноёб туннелга эга бўлган электрлаштирилган янги Ангрен – Поп темир йўл линияси қурилди. Тошкент – Бухоро маршрути ва қарама-қарши йўналиш бўйича юқори тезланишли “Афросиёб” йўловчи ташувчи электропоездлар ҳаракати ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмларини 6,6 фоизга, жумладан, мева-сабзавот – 11,2 фоизга, картошка – 9,7 фоизга, сабзавот маҳсулотлари етиштириш 10,4 фоизга ўсишини таъминлади.

Хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши 2016-йилда 32 мингтага яқин ёки 2015-йилга нисбатан 18 фоизга кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинишига туртки бўлди. Кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56,9 фоизгача, саноатда эса 45 фоизгача ошди.

Ижобий таркибий ўзгартиришлар ва иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари туфайли аҳолининг реал даромадлари 11 фоизга ошди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоизга, пенсия ва ижтимоий нафақалар – 12,1 фоизга, аҳоли жон бошига реал даромадлар – 11 фоизга ўсди, 726 минг нафарга яқин аҳолининг, шу жумладан, 438,5 минг коллеж битирувчисининг бандлиги таъминланди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида она ва боланинг саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлодни шакллантириш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиб, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 8 триллион сўм ва 212 миллион доллар маблағ йўналтирилди.

Ўтказилган мажлис якунлари бўйича мамлакат Президенти томонидан ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарлари олдига қуйидаги аниқ устувор вазифалар ва талаблар қўйилди:

биринчи – 2017-йилги иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

иккинчи – иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларида ишларнинг ҳолатини тизимли танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда устувор вазифаларига тегишли тузатишлар киритиш;

учинчи – якуний иш натижалари, қаттиқ интизомга риоя қилиш ҳамда тобора ортиб бораётган замонавий талабларга мувофиқ бошқарув тизими самарадорлигини кучайтириш борасида раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш.

Муҳокама якунлари бўйича республика ҳукумати қарори қабул қилиниб, 2017-йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг