Ўзбекистон инвестициялар вазири ўринбосари: Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонга хавф солаётгани йўқ
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Элзод Қосимов хитойлик инвесторлар мамлакат учун хавф туғдирмаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда мамлакатимиз миллий ахборот маконида Хитой компанияларининг Ўзбекистон ерларини “эгаллаб олишаётгани” ҳақида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Айрим блогерларнинг ушбу «шов-шувли» мавзуни бир ёқлама талқин қилиши, ўзлари мукаммал билмаган соҳаларда “кенг қамровли” хулосаларини бошқаларга уқтиришга ҳаракат қилишлари Ўзбекистонда олиб борилаётган инвестиция сиёсати бўйича кенг оммада ҳақиқатдан узоқ фикрлар уйғотиши мумкин.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Хитой мамлакатидан инвестицияларни жалб қилишга бевосита масъул ходими сифатида бу борада айрим фикрларимни билдирмоқчиман ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари уйдирма гаплар эмас, аниқ рақамлардан келиб чиқиб, тўғри хулоса қилишларига умид қиламан.
Биринчи навбатда, ҳар қандай давлатнинг иқтисодиёти барқарор ривожланиши, халқи фаровонлиги ошиши учун янги инвестициялар жалб қилиниши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Инвестицияларни жалб қилиш учун дунё бўйича барча давлатлар ўртасида доимо рақобат мавжуд бўлган ва у йил сайин кучайиб бормоқда.
Бугунги кунда республикада амалга оширилаётган инвестиция сиёсати, хусусан барча инвестиция лойиҳалари шаффофлик, иқтисодий манфаатдорлик ва Ўзбекистоннинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш стратегиясига мувофиқ тарзда амалга оширилиб келинмоқда. Мамлакатимизда маҳаллий ва хорижий инвесторларга тенг ва шаффоф инвестиция муҳити яратилган.
Шуни эътироф этиш лозимки, барча инвесторлар – қайси давлатга мансуб эканлигидан қатъий назар – Ўзбекистон Республикаси “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун талаблари асосида бир хил ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлиб, уларнинг фаолияти республикамизнинг тегишли норматив ҳужжатларига асосан давлат ва жамоатчилик назорати остида бўлади.
Яъни инвестиция қилиш учун шароитлар ҳамма давлат ишбилармонлари, шу жумладан маҳаллий инвесторлар учун бир хил.
Хитойдан ташқари, Ўзбекистонга Жанубий Корея, Россия, Туркия, Европа Иттифоқи ва БАА каби давлатлари ҳам фаол инвестиция киритмоқдалар.
Эътиборингизни рақамларга қаратсам. Кейинги уч йилда Хитой инвестицияларининг 50 фоизи маҳаллий саноатга, 12 фоизи йирик саноат, 11 фоизи ёқилғи-энергетика соҳасига, 4 фоизи қишлоқ хўжалигига ҳамда қолган қисми бошқа соҳаларда ўзлаштирилган.
Бундан кўриниб турибдики Хитой инвестицияларнинг ярми маҳаллий саноатга йўналтирилган.
Бу нафақат Хитой, барча мамлакатлар инвесторлари билан олиб борилаётган ишларга тизимли ёндашувнинг самарасидир. Яъни, хорижий мамлакатлардан инвесторларни жалб қилишда, асосий урғу саноатни ривожлантиришга, ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга ва шу орқали экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилади.
Маҳаллий саноатга инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришнинг асосий йўли ҳам ҳисобланади. Тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал соҳаларига кичик инвестициялар киритиш орқали ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ишчи ўринлар яратиш ва солиқ тушумларини ошириш мумкин.
Мисол учун, тўқимачилик саноатини кўрадиган бўлсак, республикамизда 7,6 мингдан ортиқ тўқимачилик ва тикув трикотаж корхоналари мавжуд бўлиб, улар томонидан ўтган йилда 123,2 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Инвестициялар ҳисобига жами ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 57% юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ташкил қилди.
Энг муҳими – 7,6 мингта тўқимачилик ва тикув трикотаж корхоналаридан бор – йўғи 57 таси Хитой иштирокидаги тикув трикотаж корхоналаридир.
Бундан ташқари, соҳада 120 та тўқимачилик кластерлари бўлиб, 1 тадан Россия, Ҳиндистон, Корея, Cингапур, Туркия, АҚШ ва Хитой иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.
Бошқа инвесторлар каби Хитой компаниялар томонидан ташкил қилинаётган лойиҳаларда минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда ва уларга Ўзбекистоннинг маҳаллий аҳоли вакиллари таклиф қилинмоқда.
Масалан, тўқимачилик тармоғида Хитой инвестициялари иштирокида қўйидаги лойиҳалар амалга оширилди:
“Jinsheng Group” компанияси “LT Textile International” пахта-тўқимачилик кластерига 115 млн доллар киритган. Компанияга 10 минг гектар ер ижара асосида ажратилган. 700 иш жойи яратилган.
“Mulanhua Group” томонидан “Nanyang M&F и Bobur M&F” тўқимачилик корхоналарига 33,2 млн. Доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиб, 450 иш жойи яратилган.
“Chang Liang” компанияси “Chang Liang Textiles” компаниясига асос солиб, 5,5 млн доллар киритган ва 120 иш жойини яратган.
“Hebei Evershine Textile” компаниясига 3,7 млн доллар киритилган ва 100 иш ўрни яратилган.
Тўқимачилик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорти учун Хитой ҳудудида 3 та савдо уйи фаолият кўрсатмоқда: “Nanyang Red Cotton Angel Textile FE", "Posso International Textile FE” ва “Vodiy Toshloq Textile”.
Шу билан бирга, Хитой билан ҳамкорлик қилиш соҳага инвестициялар ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, илғор технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш, бренд яратиш ва халқаро майдонда танилиш каби масалаларда ёрдам беради.
Ўзбекистон азалдан қишлоқ хўжалигида дунёда ўз ўрнига эга мамлакат ҳисобланади. Сўзим бошида келтирган рақамларга эътибор берсангиз, Хитой компаниялари томонидан киритилган жами инвестицияларнинг атиги 4% қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади.
Хитойнинг қишлоқ хўжалигидаги тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида, хитойлик инвесторларга ҳосилдорлиги кам ёки ўзлаштирилмаган ер майдонлари, ҳосилдорликни ошириш ва тежамкор суғориш технологияларини тадбиқ қилиш мажбурияти билан тақдим этилмоқда.
Мисол учун “Lihua Group” Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида пахта етиштириш ва янги навдаги юқори ҳосил берувчи уруғчиликни ташкил этил лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа учун сув танқислиги мавжуд ва кам ҳосил бераётган ер майдонлари тақдим этилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Ер кодексига мувофиқ, хорижий инвесторларга ерлар эгалик ҳуқуқи асосида эмас, балки узоғи билан 25 йил муддатга ижарага берилади ва уларнинг ҳуқуқлари очиқ аукционлар орқали энг яхши нарх таклифи эгасига тақдим этилади. Бу механизм инвестиция жараёнларининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайди, шу билан бирга, маҳаллий манфаатларни ҳам ҳимоя қилади.
Хусусан, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳаларда аниқ шартлар белгилаб олинган.
Шундай экан, Хитойликлар Ўзбекистон ерларини эгаллаб олмоқда деган иддаолар мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман.
Хитой компаниялари ўзларининг илғор технологиялари ва тажрибасини Ўзбекистон билан бўлишмоқда. Улар замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, рақамли тизимлар ва экологик тоза энергия технологияларини жорий этиш орқали Ўзбекистон саноатини замонавийлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Хитой компаниялари томонидан ташкил этилган саноат корхоналарида асосан маҳаллий аҳоли ишлаб келмоқда. Хитойдан асосан, юқори тоифали технологиялар ва инженерлар олиб келинмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратишга, технологияларни ўрганишга ва маҳаллий профессионалларнинг малакасини оширишга хизмат қилмоқда.
Яна бир мисол – «BYD» компанияси. Компания томонидан Жиззах вилоятида ташкил этилган электромобиллар ишлаб чиқариш заводида 1500 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг аксариятига маҳаллий мутахассислар таклиф қилинган. 2024 йил давомида 200 га яқин Ўзбекистонлик ишчилар компаниянинг Хитойдаги заводларида ўз малакасини ўрганиб қайтдилар.
Энергетика соҳасини оладиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистон муқобил энергетика манбаларини яратиш ва унга ўтиш бўйича шиддат билан ҳаракат қилаётганлиги барчага маълум.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида ҳудудларда жами 2,7 ГВт қуёш станциялари, 752 МВт шамол, 169 МВт микро ГEСлар ва 1,4 ГВтли энергия сақлаш қурилмалари ишга туширилади.
Хитой эса бугунги кунда фото электр станцияларнинг қисмлари ва шамол турбиналари ишлаб чиқиш ва етказиб бериш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.
Шу сабабли, бошқа йирик компаниялардан ташқари, Хитойнинг дунёда ўз ўрнига эга компаниялари билан Ўзбекистон ҳудудларида қиймати 9 млрд доллардан ортиқ 20 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу лойиҳаларда ҳам Хитой томонидан топ-менеджер ва муҳандислар таклиф қилинган. Асосий ишчи кучи сифатида Ўзбекистоннинг малакали мутахассислари жалб қилинмоқда.
Тараққиётдан ортда қолиб бўлмайди. Дунёдаги юқори технологик маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ва Ўзбекистоннинг йиллар давомида синалган ишончли ҳамкори ҳисобланган Хитой билан ҳамкорлик қилиш мамлакатимизга фойда келтирмоқда.
Бундан ташқари, имзоланаётган инвестиция келишувлари ва амалга оширилаётган лойиҳаларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари устувор аҳамият биринчи ўринга қўйилади. Ҳар бир келишув мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга йўналтирилган.
"Шундай экан аҳолидан ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил ишончсиз маълумотларга аҳамият бермасликларини, ҳар қандай масалада юқори малакали ва тажрибали мутахассисларнинг хулосалари асосида фикр юритишларини сўраб қоламиз", — дея хулоса қилди Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари.