Валюта курслари 01/04/2025
$1 – 12937.16
UZS – 0.19%
€1 – 13937.20
UZS – 0.2%
₽1 – 154.55
UZS – 0.25%
Қидириш
Спорт 20/03/2025 Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Профессионал футбол лигаси ва UZCARD ҳамкорлик бўйича стратегик келишув имзолади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Профессионал футбол лигаси ва UZCARD ҳамкорлик бўйича стратегик келишув имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 март куни Тошкентда миллий тўлов тизими UZCARD, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛУз) ўртасида ҳамкорлик бўйича стратегик келишув имзоланди. Ушбу шериклик миллий футболни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, у профессионал лигалардан тортиб ёшлар академиялари ва ҳудудий клубларgача бўлган барча даражаларни қамраб олади.

Футбол оддий спорт туридан ташқари, жамият ҳаётининг ажралмас қисми ва турли авлод ҳамда ижтимоий қатлам вакилларини бирлаштирадиган кучли омилга айланган. UZCARD учун футболга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш мамлакат келажагига инвестиция ҳисобланади. Бу орқали спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ёш истеъдодлар учун янги имкониятлар яратишга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.

"Футболни қўллаб-қувватлаш биз учун жуда муҳим, чунки бу фақат спорт эмас, балки ёшлар ривожи, кучли руҳ ва жамият бирдамлигини шакллантирадиган кучли восита ҳисобланади. ЎФА ва ПФЛУз билан ҳамкорлик орқали биз Ўзбекистонда футбол анъаналарини мустаҳкамлаш ва спортчилар учун янги истиқболлар очишга интиламиз", — деди UCMG бош директори Давид Мелекидзе.

Ушбу келишув доирасида UZCARD 2027 йилгача Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бош ҳамкори ва 2025–2026 йилги мавсумларда Профессионал футбол лигасининг расмий шериги сифатида иштирок этади. Шериклик миллий терма жамоа, Суперкубок ва Ўзбекистон футбол лигаси фаолиятининг барча даражаларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

"Бу биз учун катта рағбат ва муваффақият. UZCARD компанияси футбол ривожига катта аҳамият беради ва уни доимо қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Компания бир неча йилдан бери лигамиз билан яқин ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу ҳамкорлик узоқ ва самарали бўлишига умид қиламиз", — деди Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев.

"UZCARD кўмаги билан биз жамоаларимизнинг самарадорлигини ошириш ва уларнинг савиясини янада юқори даражага кўтаришни режалаштирмоқдамиз. Келгуси уч йил давомида биз янги муваффақиятлар сари тинимсиз ҳаракат қиламиз", — таъкидлади Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов.

UZCARD – ягона умумреспублика процессинг маркази бўлиб, 35 тижорат банки ва 33 тўлов агрегаторини бирлаштиради. Компания мамлакатда эквайринг, процессинг ва рақамли ҳисоб-китобларни таъминлайди, инновацион хизматларни ривожлантиради ва молиявий операциялар учун ишончли инфратузилма яратади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг