Валюта курслари 25/07/2025
$1 – 12653.48
UZS – -0.85%
€1 – 14871.64
UZS – -0.71%
₽1 – 159.75
UZS – -1.79%
Қидириш
Туризм 18/07/2025 Ўзбекистон фуқароларини круиз саноатида иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон фуқароларини круиз саноатида иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 июль куни Туризм қўмитасида “Коузон Сорпоратион” компанияси бош директори Зоран Кочоски билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда юртимиз фуқароларини, хусусан туризм соҳасида таълим олаётган талабалар ва туризм техникумлари ўқувчиларини халқаро круиз лайнерларида қонуний меҳнат фаолиятига жалб этиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Зоран Кочоски 16 июль куни Самарқанд шаҳрига ташрифи давомида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Халқаро туризм академиясининг Самарқанд кампусига ташриф буюрганини ва ушбу таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар халқаро стандартларга жавоб беришини алоҳида қайд этди. Шу боис, у мазкур муассасалар битирувчиларини круиз саноатига жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди. 

Компания раҳбарининг таъкидлашича, фақатгина талабалар эмас, балки инглиз тилини биладиган 21–45 ёшдаги бошқа Ўзбекистон фуқароларини ҳам ушбу соҳага жалб қилиш ва уларнинг малакасини ошириш имкониятлари мавжуд. 

Учрашув чоғида З. Кочоски “Коузон Сорпоратион” компанияси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда тасдиқланадиган “йўл харитаси” доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари визаларни расмийлаштириш, номзодларни саралаш ва тайёрлаш, шунингдек, уларни круиз лайнерларига ишга жойлаштириш жараёнларида амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Музокаралар якунида З. Кочоски жорий йилнинг август ёки сентябрь ойларида Туркиядаги круиз лайнерларида кўрсатилаётган хизматлар, иш шароитлари ва кадрлар тайёрлаш талаблари билан яқиндан танишиш мақсадида туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари ҳамда саёҳат агентликлари вакиллари учун ташриф ташкил этишни таклиф қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг