Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон фуқаролари Таиландга саёҳат қилиш учун электрон визани расмийлаштириш имконига эга бўладилар, деб хабар бермоқда «Дунё» нашри.
Таиланд барча давлат фуқаролари учун электрон визаларни олиш имкониятини жорий қилди. Янги тизим Таиланднинг 94 дипломатик ваколатхонасида амал қилади ва визани онлайн шаклда thaievisa.go.th платформаси орқали расмийлаштириш мумкин бўлади.
Ариза топшириш учун энди паспортнинг оригинали ёки бошқа ҳужжатларни консуллик муассасаларига тақдим этиш талаб этилмайди.
Виза тасдиқлангандан сўнг, рухсатномани чоп этиш ва самолётга чиқиш ҳамда Таиланднинг чегара назоратидан ўтиш пайтида кўрсатиш етарли.
Шунингдек, эслатиб ўтиш жоизки, 2024 йилнинг 15 июлидан бошлаб Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида визасиз режим амал қилмоқда, бу режим Ўзбекистон фуқароларига Таиланд ҳудудида 60 кунгача визасиз бўлиш имконини беради.