Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 02/06/2017 Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида 1 июнь куни Ўзбекистон – Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг сармоя, савдо, иқтисодиёт, банк-молия, энергетика, ахборот технологиялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, транспорт ва коммуникациялар, логистика, авиасозлик, қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор ва бошқалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. “MEDEF International” Франция корхоналари ҳаракати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилган ушбу анжуман кўп томонлама алоқаларни фаоллаштиришга, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларига киритилаётган сармоя ҳажмини янада оширишга хизмат қилади.

Франция – Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири. Мамлакатларимиз макроиқтисодиёт, молия, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш учун кадрлар тайёрлаш йўналишида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 264,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Бизнес-форумда франциялик ишбилармонларга мамлакатимиз инвестициявий ва иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 мартдаги фармони билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил қилингани мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларига инвестиция киритиш ҳажмини янада кенгайтиришга, сармоявий муҳитни такомиллаштиришга, хорижий давлатлар, халқаро молия институтлари, етакчи хорижий компания ва банк тузилмалари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

– Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди “MEDEF International” Франция корхоналари ҳаракатининг Франция – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Кристоф Фонтэн. – Бизнес-форумда Франциянинг энергетика, авиасозлик, транспорт, сув хўжалиги, қурилиш, юқори технологиялар, консалтинг каби соҳаларга ихтисослашган 22 компанияси вакиллари иштирок этмоқда. Келгуси учрашувларимизда делегациямиз таркибига туризм соҳасида фаолият юритувчи соҳа мутахассисларини ҳам жалб этиш ниятидамиз. Зеро, бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳам истиқболи катта. Ўзбекистонда ўз фаолиятимизни янада кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдормиз.

Икки мамлакат ишбилармонлари бизнес-форум доирасидаги давра суҳбатларида атроф-муҳит, сув ресурслари ва муниципал хизматлар, ахборот технологиялари ва коммуникациялар, транспорт ва логистика, саноат, энергетика ҳамда қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг