Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкини тузиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Евроосиё тараққиёт банкини тузиш тўғрисидаги Келишувга қўшилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Ушбу қонунга мувофиқ, Ўзбекистон 2006 йил 12 январда Остона шаҳрида имзоланган халқаро Келишувнинг иштирокчисига айланди. Келишувнинг асосий мақсади иштирокчи давлатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган инвестицияларни фаол жалб этишдан иборат.
Ҳужжатга кўра, Евроосиё тараққиёт банки фаолияти халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва умумқабул қилинган банк стандартлари асосида амалга оширилади. Банк устави ушбу Келишувнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, асосий йўналишлар, мақсад ва вазифалар, ваколатлар, берилган имтиёзлар, шунингдек, устав капитали миқдори ва уни шакллантириш шартларини белгилайди.
Бундан ташқари, банк иштирокчи мамлакатлар иқтисодиёти ҳолати, молия бозорлари, инвестиция салоҳияти, пул-кредит ва валюта муносабатлари ҳамда банк фаолияти ва валюта тартибга солинишига оид қонунчиликка доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича ваколатларга эга бўлади.