Ўзбекистон элчиси Беларусь Миллий Ассамблеяси Вакиллар палатаси раиси билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Рахматулла Назаров Беларусь Миллий Ассамблеяси Вакиллар палатаси раиси Игорь Сергеенко билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги, хусусан парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли мулоқот самарали ривожланиб бораётгани, сиёсий даражадаги алоқалар иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайишига туртки бўлаётгани таъкидланди. 2024 йилда товар айирбошлаш 2023 йилга нисбатан 12 фоизга, Ўзбекистондан экспорт 49,4 фоизга ошгани қайд этилди.
Палата раиси Игорь Сергеенконинг айтишича, ҳудудлараро алоқалар иқтисодий муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир. Шу нуқтаи назардан, ўтган йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудлараро иккинчи форуми натижалари юксак баҳоланди. Шунингдек, икки мамлакат парламент аъзолари олий даражадаги келишувларни амалий ижросини таъминлашда фаол иштирок этаётганлари таъкидланди.
Ўзбекистон расмий вакили шу йилнинг 5-9 апрель кунлари Ўзбекистонда ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясига кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб берди.
Миллий Ассамблея Вакиллар палатаси раиси Игорь Сергеенко мазкур тадбирларда Беларусдан юқори даражадаги делегация иштирок этишини билдирди.