Австриянинг сиёсий, академик ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнлари, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунлари билан танишди.
Президент сайловига тайёргарлик ишлари миллий сайлов қонунчилиги талаблари асосида демократик тамойилларга ва халқаро стандартларга мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда. Сайлов жараёнларида ошкоралик, очиқлик ҳамда қонунийликни таъминлаш бўлажак сайловнинг асосий тамойиллари ҳисобланади.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимидаги маърузаси билан танишди.
Брифингга Вена шаҳридаги халқаро ташкилотларда ишлаётган мамлакатимиз фуқаролари ҳам таклиф этилди. Улар юртимизнинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил этилган сайлов участкалари фаолияти билан танишиб, сайлов куни овоз беришни амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратилганининг гувоҳи бўлди.
Қатнашчиларга мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, давлат ҳокимияти тизимларини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятии барпо этиш, шунингдек, бўлғуси Президент сайлови ҳақида ахборот материаллари ҳамда пресс-релизлар тарқатилди.
Австрия-Ўзбекистон дўстлик жамияти президенти, «Askin&Co.» компанияси бошқарувчиси Херберт Лугбауэр “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистондаги Президент ва парламент сайловларида кузатувчи сифатида кўп марта иштирок этганини таъкидлаб, Австрия томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.
У Ўзбекистоннинг демократия тамойилларига содиқлиги, биринчи навбатда, ўзбек халқининг бошқа конфессия вакилларига нисбатан бағрикенглиги бу ҳамкорлик пойдевори ҳисобланишини қайд этди.
Унинг фикрича, бу борада Ўзбекистоннинг таълим соҳаси ҳамда ёш авлодни маънавий тарбиялашдаги тажрибаси кўплаб ислом дунёси мамлакатларида вужудга келган муаммоли вазиятларни ҳал этишда фойдали бўлиши мумкин. Шу боис Х.Лугбауэр Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотига раислик даврини «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтказиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Петер Фельх, Вена университети профессори, «VENI – Vienna Eurasia Network Initiative» нодавлат ташкилоти экспертлари тармоғи раиси ўз маърузасида шундай деди: “Мен Австрия ва Ўзбекистоннинг умумий ўтмиши билан шуғулланувчи тарихчи сифатида шуни комил ишонч билан айтаманки, Яқин Шарқ мамлакатларида конфессиялараро зиддиятлар кучайган бир шароитда Ўзбекистон ўзининг 32 миллионлик аҳолиси ҳамда 130 миллат ва элат вакиллари билан дунёнинг барча мамлакатларига ўрнак бўлмоқда.
“Ўзбекистондаги бўлажак сайлов ҳақида гапирадиган бўлсак, Ислом Каримов томонидан республикада мустақиллик йилларида юқори даражадаги ватанпарварлик ҳамда миллий ғурур туйғулари кузатилаётган жамиятга эга кучли ҳуқуқий давлатга асос солинганини алоҳида таъкидлаш зарур. Президентликка номзодлар учун сайловолди кампанияси ҳамда ташвиқот тадбирларини ўтказиш учун бир хил шароит ва имкониятлар яратилган”, деди у.
П.Фельх сўзининг охирида Ўзбекистон ҳукумати ҳамда халқига Президент сайловини ўтказишда муваффақият тилаб, овоз бериш тўлалигича халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилишига ишонч билдирди.
“Ўзбекистонга бўлган қизиқиш Австрияда ҳам ошиб бормоқда. Бугунги тадбир бунинг ёрқин далилидир. Бизнинг муштарак мақсадимиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат”, деди Петер Фельх.