Валюта курслари 06/11/2024
$1 – 12774.98
UZS – -0.12%
€1 – 13914.51
UZS – -0.15%
₽1 – 130.14
UZS – 0.08%
Қидириш
Ўзбекистон 17/09/2018 Ўзбекистон делегациясининг Токиодаги учрашувлари
Ўзбекистон делегациясининг Токиодаги учрашувлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ташрифи доирасида Япония парламентида икки томонлама ўзбек-япон муносабатлари учун иккита муҳим тадбир –“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония парламенти” парламентлараро форумининг 3-мажлиси ҳамда “Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича демократик ислоҳотлар ва янгиланишларнинг янги йўли. Ўзбекистоннинг Япония билан ҳамкорлик истиқболлари” ўзбек-япон симпозиуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар беради.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси кўмагида ташкил этилди.

Форум ва Симпозиум Кунчиқар юртда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбирларда Япониянинг расмий, ишбилармонлик ва тадқиқот доираларининг, олий ўқув юртлари, оммавий ахборот воситаларининг 100 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Парламентлараро форумда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Алоқаларни янада кенгайтириш, Япония парламентининг Дўстлик лигаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Япония билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан 2019 йилда Ўзбекистонда Парламентлараро форумнинг навбатдаги мажлисини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Симпозиум иштирокчилари Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг устуворликлари ҳақида батафсил хабардор қилинди.

Стратегияни амалга ошириш бошланганига қисқа давр бўлганига қарамай амалий натижалар кўзга кўринаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Бу аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ҳал этилишида, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари роли оширилишида, тадбиркорлик фаолияти сезиларли даражада кучайтирилишида, шунингдек Марказий Осиёда ишонч ва барқарорлик муҳити жиддий тарзда мустаҳкамланишида намоён бўлмоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги йўналишига юксак баҳо берди. Кўрилаётган чора-тадбирларнинг кенг қамровлиги, уларнинг пухта ўйланганлиги ва амалий аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг энг илдам ривожланаётган мамлакатлардан бири бўлишини таъминламоқда.

Япониялик экспертлар, Токиода ўтказилган тадбирлар қатнашчилари Япониянинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий манфаатлари учун Ўзбекистон стратегик муҳим мамлакат эканини ҳамда икки мамлакатнинг стратегик шериклигини янада изчил чуқурлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг