Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 08/06/2017 Ўзбекистон делегациясининг Қобул шаҳрида ўтган халқаро учрашувдаги иштирокига доир
Ўзбекистон делегациясининг Қобул шаҳрида ўтган халқаро учрашувдаги иштирокига доир
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 6 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Республикаси пойтахтида ўтказилган “Қобул жараёни” халқаро учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси ёрдамида Афғонистон Ислом Республикаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда 20 дан ортиқ давлатлар, жумладан қўшни мамлакатлар делегациялари иштирокида Афғонистон, минтақа ва жаҳондаги хавфсизлик ва терроризм таҳдиди муаммолари ҳамда Афғонистондаги курашаётган томонларни муросага келтириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва Афғонистон Ҳукумати Ижроши Раиси Абдулла Абдулла нутқ сўзлади.

6-7 июнь кунлари Қобул шаҳрида Ўзбекистон делегациясини Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани қабул қилди, Афғонистон Президентининг инфратузилмалар, кадрлар ресурслари ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Афғонистон Президентининг қишлоқ хўжалиги ва ривожланиш масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Абдул Ҳамид Ҳелмондий, Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Афғонистон Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Шокир Коргар, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ҳикмат Халил Карзай, шунингдек Жамоат ишлари, Соғлиқни сақлаш, Энергетика ва сув ресурслари, Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирликларининг раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.

Форум давомида Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмет Йилдиз билан учрашув бўлиб ўтди ва унда томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ташриф доирасида Афғонистон Ислом Республикасининг турли вазирлик ва идоралари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, уларда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг айрим масалалари муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг