Мазкур учрашув Женевада иш бошлаган Халқаро меҳнат конференциясининг 105-сессияси давом бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси таркибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Т.Нарбаева, Меҳнат вазири А.Абдухакимов, Савдо саноат палатаси раиси А.Шайхов киришган.
Учрашув давомида ХМТ бош директори Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва кучли ижтимоий ҳимоя соҳаларида улкан ижобий натижаларга эришилганлигини қайд этди. Айниқса, бу борада самарали ижтимоий шериклик йўлга қўйилганлиги, ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилоти ўртасидаги ижтимоий мулоқотнинг муваффақиятли олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда ҳалқаро меҳнат стандартларининг жорий этилишида ижобий натижаларга эришилганлиги боис, бу тажрибанинг бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлишга лойиқ эканлигига урғу берилди, деб хабар беради Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати.
Ўз навбатида Гай Райдер тобора кенг кўлам олиб бораётган мазкур ижтимоий шериклик жараёнида Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳам иштирок этаётганлигидан мамнун эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ХМТнинг бундан буён ҳам Ўзбекистон Ҳукумати, касаба уюшмалари ва иш берувчи ташкилотларга яқиндан кўмак бериб бориш режалари мавжуд эканлиги билдирилди. Хусусан, 2017-2020 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат дастурини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди.