Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 18/02/2019 Ўзбекистон делегацияси вакиллари Венгриянинг атом энергетикасига оид қонунчилиги билан танишишди
Ўзбекистон делегацияси вакиллари Венгриянинг атом энергетикасига оид қонунчилиги билан танишишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Борий Алихонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси атом энергетикасига оид қонунчилик билан танишиш мақсадида Венгрияда бўлиб қайтди.

"Ўзатом" агентлигининг хабар беришича, ташриф давомида Венгрия парламенти (Миллий мажлис) вице-спикери Иштван Якоб билан учрашув ўтказилган. Якоб Венгрия ҳукумати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ҳамкор сифатида кўришини таъкидлаган. Шу билан бирга, 2017 йилда Тошкентда Венгрия элчихонасининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим қадам бўлганини қайд этган.

Венгрия вице-спикери парламентлараро алоқалар ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланиши ва ўзаро муносабатларни янада юқори даражага кўтаришини қўшимча қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Борий Алихонов, ўз навбатида, Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш масалаларида Венгрия билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта эътибор қаратишини таъкидлади.

Томонлар парламентлараро алмашинув ва ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, шу жумладан тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш бўйича Венгрия қонунчилигини ўрганишга оид ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек икки мамлакат ваколатли идоралари ўртасида тажриба алмашишга келишиб олишди.

Бундан ташқари, "Пакш-2" АЭС лойиҳаси учун масъул вазир Янош Шули, Венгрия инновациялар ва технологиялар вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Беатрикс Кадар, Венгрия атом энергетикаси регулятори бош директори Дьюлей Фихтингер ва бошқалар билан "портфелсиз" музокаралар бўлиб ўтди.

Маълумот учун: "Пакш-2" АЭС лойиҳаси Венгрияда электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг ўсиб бораётгани билан боғлиқ. Лойиҳа учун "Пакш-1" АЭС ёнидан, Дунай дарёси бўйидан жой ажратилган ва у ерда "Пакш-2" жойлашуви учун лицензия олинган. Айни дамда лойиҳа АЭС қурилиши учун лицензия олиш босқичида. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Россия Федерацияси билан АЭС қурилишига доир ҳукуматлараро келишувга эришилган. Венгрия томон юқори сифат ва хавфсизлик нуқтаи назаридан "3+" авлодининг "ВВЭР-1200" дизайни танланганини эътироф этди.

Шунингдек реал реакторлар ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланган "Пакш-1" АЭС ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур марказдан Венгрияда АЭС ва бошқа идоралар учун персонал тайёрлаш, турли тажриба ва тадқиқотлар ўтказиш ҳамда бошқа мамлакатлар учун кадрлар тайёрлашда фойдаланилади.

Учрашувлар якунларига кўра, томонлар инновацион технологиядани қўллашда ҳамкорликни ривожлантиришга, тажриба алмашишга ва илмий-амалий семинар ҳамда тренинглар ўтказишга келишишди. Ўзбекистонлик талабаларнинг Венгрияда таълим олиши масаласи кўриб чиқилиши маълум қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг