Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегация аъзолари компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари, бошқарув жараёнлари ва Покистон тўқимачилик саноатида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан батафсил танишдилар.
Union Fabrics (Pvt.) Ltd. — юқори сифатли матолар ва уй тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишга ихтисослашган Покистоннинг етакчи компаниясидир. Union Fabrics Карачи шаҳридаги саноат ҳудудида бешта ишлаб чиқариш майдонига эга. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати бир дюймга 60 та ип стандарт зичлигида 40 миллион метрдан ортиқ матони ташкил этади. 2024 йилда компаниянинг йиллик экспорти 700 миллион доллардан ошди.
Шуниндек, тўқимачилик соҳасининг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди, унда Даврон Вахабов Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги инвестициявий имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, давлат томонидан жорий қилинган қўллаб-қувватлаш механизмлари, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари, малакали кадрлар ва рақобатбардош ишлаб чиқариш салоҳиятининг мавжудлиги, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига аълоҳида тўхталиб ўтилди.
Суҳбат чоғида тўқимачилик саноатида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва тажриба алмашинув ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро ҳамкорлиги учун янги уфқларни очиб беради.