Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 01/04/2019 Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди
O'zbekiston delegatsiyasi amaliy tashrif bilan Afg'onistonda bo'ldi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019-йилнинг 31-март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.

Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистондаги ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Афғонистон Президенти тинчлик жараёнини бошлаш борасидаги фаол кўмаги учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик изҳор этди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий қайта тикланиши мавжуд ҳолат барқарорлашувининг муҳим шарти ҳисобланишини ва бу жараёнга Ўзбекистон салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Муҳаммад Ашраф Ғани иқтисодий ва инфратузилмавий ҳамкорликни фаоллаштирганлиги учун Афғонистоннинг Ўзбекистондан миннатдорлигини билдирди. У иқтисодий ҳамкорлик минтақавий барқарорликка замин яратишини ҳам таъкидлади.

Афғонистон раҳбари, шунингдек, тинчлик музокараларини ташкиллаштириш майдони сифатида Самарқанд шаҳрини танлагани учун Ўзбекистон делегациясига миннатдочилик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон – Афғонистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

31-март куни Ўзбекистон делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ва Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб раислигида Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Ҳукумати Ижроия кенгаши раиси Абдулла Абдулла, Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб, Ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (УНАМА) раҳбари Тадамичи Ямамото ва собиқ Президент Ҳамид Карзай билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий блоки вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакилларининг алоҳида учрашувлари ўтказилиб, уларда ҳамкорлик ҳажмларини янада ошириш, ўзаро савдога янгича шиддат бериш, йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Мозори-шариф–Ҳирот ва Мозори-шариф–Кобул–Пешовор темир йўл магистралларини, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш линиясини барпо этиш бўйича таклифларнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланди.

Манба: ТИВ расмий сайти.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг