Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган "Йўл харита"сида Ўзбекистон-Афғонистон ўртасида Қўшма комиссиянинг йиғилишларини ўтказиб бориш белгиланган.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон-Афғонистон Қўшма комиссияси ва унинг доирасида қуйи қўмиталарнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Жамшид Абдузухуров ҳам иштирок этди.
Видео-конференс-алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида Афғонистон давлати билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
Хусусан, заъфарон, пахта ва ғалла етиштириш, чорвачилик борасида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Бундан ташқари, Афғонистон ҳудудида интенсив боғ ташкил этиш масалалари, балиқчилик соҳасида йўлга қўйиладиган ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, афғонистонлик фермер ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимларини Ўзбекистонда ўқитиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар борасида фикрлар ҳамда таклифлар тингланди.
Мулоқот давомида Афғонистон қишлоқ хўжалигида тупроқ таҳлилларини ўтказишда мобил лабораторияларидан фойдаланиш ҳамда ўқитиш тизимини йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати ҳам муҳокама қилинди.