Ўзбекистон Афғонистон бозорига электроэнергетика маҳсулотлари экспортини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 10–13 май кунлари давомида Афғонистоннинг Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларида ўтказилаётган Ўзбекистон тадбиркорларининг ташрифи доирасида электротехника соҳасида ҳам қатор муҳим учрашув ва ташаббуслар амалга оширилмоқда.
“Made in Uzbekistan” савдо уйи очилиши доирасида Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этмоқда. Маҳаллий истеъмолчиларга кенг турдаги, сифатли ва замонавий электротехника маҳсулотлари тақдим этилмоқда.
Афғонистон бозорининг эҳтиёжларига мослаштирилган маҳсулотлар савдо уйи расталарида кенг намойиш қилинмоқда.
Қобул шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотлари учун ташкил этилган Савдо уйи эса юртимиз тадбиркорлари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу ерда электротехника соҳасига оид маҳсулотлар доимий асосда тақдим этилиши, маҳаллий харидорлар билан бевосита савдо алоқаларини йўлга қўйиш имконини бермоқда.
«Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъуллари ҳам электротехника корхоналари вакиллари билан биргаликда Қобулда фаол музокаралар ўтказмоқда. Учрашувлар давомида Афғонистонлик ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри савдо битимлари бўйича келишувларга эришиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ташриф доирасида Афғонистон бозорининг чуқур таҳлили, эҳтиёжлар ва талаблар ўрганилмоқда. Бу эса экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулот ассортиментини маҳаллий шароитга мослаштириш ва икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.