Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё Олимпия Кенгаши (ОСК) Ўзбекистоннинг мезбонликдан воз кечиши муносабати билан 2025 йилги Осиё ёшлар ўйинларини Баҳрайнда ўтказишни маъқуллади.
2 декабрь куни бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитасининг онлайн йиғилишида маълум қилиндики, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ОСКга расмий хат юбориб, Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси қурилиши ўз вақтида тугалланмаслиги сабабли 2025 йил сентябрида режалаштирилган мусобақани ўтказа олмаслигини билдирган.
ОСК бош директори Ҳусайн Ал Мусалламнинг таъкидлашича, 2025 йилги Осиё ёшлар ўйинлари 2026 йилда Сенегалда бўлиб ўтадиган Ёшлар Олимпия ўйинлари билан ёш чекловлари ва саралаш қоидалари бўйича боғлиқ, шунинг учун мусобақаларни қолдириш имкони йўқ.
Баҳрайн Олимпия Қўмитаси 2025 йилги Осиё ёшлар ўйинларини спорт иншоотлари, турар-жой ва тиббий хизматлар жиҳатидан ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.
Баҳрайн Олимпия Қўмитаси бош котиби Фарис Ал Кухайжи Осиё ёшлар ўйинлари мамлакат раҳбарияти, хусусан, Баҳрайн Олимпия Қўмитаси раиси шоҳзода Халид бин Ҳамад Ал-Халифа томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Йиғилишда шунингдек, 2024 йил октябрь ойида Баҳрайнда 5000 дан зиёд иштирокчилар, жумладан, 4000 спортчи қатнашган Халқаро мактаб спорти федерацияси (ISF)нинг Халқаро гимназиадаси муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди.
ОСК Ижроқўми 2025 йилги Осиё ёшлар ўйинларини Баҳрайнда ўтказишни бир овоздан маъқуллади ва Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасига кўрсатган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон келгусида йирик спорт тадбирларини ўтказиш имкониятига эга эканлиги қайд этилди.