Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 06/04/2023 Ўзбекистон 2017-2020 йилларда UNIDO рейтингида 6 поғона кўтарилди
Ўзбекистон 2017-2020 йилларда UNIDO рейтингида 6 поғона кўтарилди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари ишлаб чиқарадиган саноатни ривожлантириш бўйича 2017-2022 йилларга оид кўрсаткичлар ва Ўзбекистоннинг UNIDO рейтингидаги ўрнини таҳлил қилди.

Мамлакатларнинг саноат рақобатбардошлиги бўйича рейтинги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг саноатни ривожлантириш бўйича ташкилоти (UNIDO) томонидан икки йил кечикиш билан ишлаб чиқилади (яъни охирги ҳисобот 2020-йил якунлари бўйича 2022-йилда чоп этилган).

Рейтинг асосини ишлаб чиқарадиган саноат ривожланишининг бир қанча асосий кўрсаткичлари бўйича ҳисобланган саноат рақобатбардошлигининг композит индекси ташкил этади. Бунинг учун ўрганилаётган мамлакат бўйича расмий статистик маълумотлардан фойдаланилади.

Ушбу кўрсаткичлар рақобатбардошликнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти, юқори технологияли ишлаб чиқаришнинг ривожланиш даражаси, мамлакатнинг дунё ишлаб чиқариш саноатидаги ўрни каби омилларини акс эттиради.

Ўзбекистон 2017-2020 йилларда UNIDO рейтингида 95-ўриндан 89-ўринга, яъни 6 поғонага кўтарилди ва бу эътиборга молик ютуқ. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида саноат рақобатбардошлиги индекси бўйича Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради. Бу ютуқларга охирги йилларда ишлаб чиқарадиган саноатни жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш ёрдамида эришилди.

Саноат рақобатбардошлиги индексига киритилган айрим асосий кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонда қуйидаги ижобий ўзгаришларга эришилди:

Ишлаб чиқарадиган саноатнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) даги улушида барқарор ўсиш тенденцияси қайд этилди, яъни 2017-йилда 15,5 фоиз, 2022-йилда эса 20,5 фоиз.

Соҳада аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳар йили ўртача 4,7 фоиздан барқарор равишда ўсиб борди.

Ўзбекистон жаҳон миқёсида маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш бўйича тобора яхшироқ натижаларги эришмоқда. Ҳар йили жаҳон бозорида маҳаллий саноат маҳсулотларига талаб ортиб, экспорт географияси кенгаймоқда. Бунинг натижасида товарлар экспортида ишлаб чиқарадиган саноат маҳсулотлари улуши 76,6 фоиздан 83,3 фоизга ошди.

Фармацевтика маҳсулотлари, турли тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар, шунингдек, юқори технологияли тармоқлар учун эҳтиёт қисмлар экспортининг жадал ўсиши ҳисобига ишлаб чиқарадиган саноат маҳсулотлари экспортида юқори технологияли маҳсулотлар улуши 0,16 фоиздан 0,49 фоизгача ошди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг