Валюта курслари 10/01/2025
$1 – 12940.44
UZS – -0.17%
€1 – 13336.42
UZS – -0.31%
₽1 – 126.85
UZS – 2.56%
Қидириш
Иқтисод 09/01/2025 “Ўзбекгидроэнерго” ва CSGI “Юқори Пскем” насосли электр станцияси қурилишини март ойида бошлайди

“Ўзбекгидроэнерго” ва CSGI “Юқори Пскем” насосли электр станцияси қурилишини март ойида бошлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 6-10 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига режалаштирилган ташриф давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация бугун, 8 январь куни Хитойнинг нуфузли “China Southern Power Grid International" Co Ltd (CSGI) компанияси билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги қадамлар бўйича Гуанчжоу шаҳрида “CSGI” Штаб-квартирасига (Бош қароргоҳига) ташриф буюрди.

China Southern Power Grid Company Limited (CSGI – Хитой жанубий электр тармоқлари), Жанубий Хитойда фаолият юритувчи Хитой давлат энергетика компанияси ҳисобланади. Компания фаолияти электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашга ихтисослашган. Компания 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатнинг энг йирик компаниялари қаторидан жой олган.

Мазкур компания Хитойнинг йирик давлат корхонаси бўлиб, 2023-2024 йилларда 1,35 ГВт.соат электр энергиясини сотиш орқали 842,6 млрд юуан (118,8 млрд долл.) операцион даромад олган. Компания дунёнинг энг топ 500 йирик компаниялари рўйхатида 78-ўринни эгаллайди.

Мазкур учрашув давомида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов ва “CSGI” компанияси Бошқарув раиси Чен Шенгран ўртасида ҳамкорликда олиб борилаётган юқори даражадаги алоқалар ва бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди. Хусусан, “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пскем дарёсида Юқори Пскем GT қурилиши” ва “Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Хўжакент GT қурилиши” инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда ривожлантиришга қаратилган ишлар таҳлил қилинди.

Бу борада, Юқори Пскем GT лойиҳасининг лойиҳаолди ҳужжати деярли тайёрлигини ва ушбу инвестиция лойиҳаси миллий электр энергия тизими учун юқори аҳамиятга эгалигини инобатга олиб, жорий йилнинг март ойидан бошлаб фаол қурилиш ишларини бошлашга келишиб олинди.

Шу билан бирга, мазкур инвестиция лойиҳаси Марказий Осиё минтақасида илк бор қурилаётганлиги нуқтаи назаридан – ушбу воқеликни тарихга муҳрлаш мақсадида, 2025 йил 10 март куни “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пскем дарёсида Юқори Пскем GT қурилиши”га расмий старт берилишига бағишланган маросим ташкил этилиши ва ушбу тадбир олий даражада ўтказилиши режалаштирилди.

Учрашув давомида “Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Хўжакент GT қурилиши” лойиҳаси доирасида JDA (лойиҳани ўзаро амалга ошириш келишуви) ҳужжати тантанали равишда имзоланди.

Ушбу инвестиция лойиҳаси юқоридаги лойиҳа билан ўхшашлигини инобатга олиб, қурилиш ишларини шу йилнинг ўзида бошлаш режалаштирилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида келгусида Республикамиз учун кенг кўламли инветитсиялар жалб этилиб, янги юқори қувватдаги гидроэнергетика лойиҳалари барпо этилиб, жадаллик билан ўсиб бораётган халқимиз ва шиддат билан ривожланаётган саноатимиз экологик тоза электр энергияси билан узлуксиз таъминланишига хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг