Валюта курслари 05/12/2024
$1 – 12813.04
UZS – -0.1%
€1 – 13457.54
UZS – -0.27%
₽1 – 122.60
UZS – 1.34%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 «Ўзбекенгилсаноат» АЖ 3 трлн. сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарди
«Ўзбекенгилсаноат» АЖ 3 трлн. сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун мамлакатимизда тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноати корхоналарининг аксарияти «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибига киради. Соҳада фаолият кўрсатаётган 312 саноат корхонасининг 225 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидир.

2015 йил якунларига кўра, ушбу корхоналар қиймати 3 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари, 1 триллион сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарди. Калава ва газлама, трикотаж полотно ва буюмлар, нотўқима материаллар, шойи ва бошқа асосий турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми кўпайди. Умуман, ўтган йили соҳа корхоналари 188 турдаги енгил саноат товарлари ишлаб чиқариб, 75 турдаги янги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштирди.

Соҳада спорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугун 85 корхона спорт буюмлари, жумладан, болалар спорти кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Миллий либослар яратиш ва ишлаб чиқариш ҳам муҳим йўналишга айланган. Мамлакатимиз ҳудудлари ва пойтахтимизда «Ўзбекенгилсаноат» корхоналарига қарашли дўконларда кундалик кийимлар, спорт формаси, рўзғорга керакли тўқимачилик буюмлари, пайпоқ ва бошқа турли маҳсулотларни арзон нархларда харид қилиш мумкин.

Замонавий либослар яратиш учун хорижлик дизайнерларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятида Ўзбекистон дизайнерлари ва хорижий давлатлардаги етакчи мода ҳамда дизайн мактаблари вакиллари иштирокида «Мода ва дизайн – 2015» халқаро фестивали ташкил этилди. Унда Италия, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан жаҳон мода саноати вакиллари қатнашди. Фестиваль доирасида «Ўзбекенгилсаноат» корхоналарининг 160 дан ортиқ дизайнерлари ва мамлакатимизнинг таниқли дизайнерлик гуруҳлари томонидан яратилган либослар намойиш этилди.

Чет эл инвестицияларини жалб қилиш, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мамлакатимизда енгил саноат соҳасини янада ривожлантириш имконини бермоқда. Ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида соҳага 187,3 миллион доллар жалб этилди ва бу 2014 йилга нисбатан 2,7 фоизга кўпдир. 2015 йилда 33 янги корхона ишга туширилиб, 12 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Ўтган йилнинг охирида Тошкент вилоятидаги «Максим Гольд» масъулияти чекланган жамияти базасида қиймати 7 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Бу ерда йилига 3,5 минг тонна калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Андижон вилоятида ҳам қиймати 2,44 миллион долларга тенг лойиҳа амалга оширилди. Банкротга учраган «Бобур» очиқ акциядорлик жамияти бўлинмалари базасида 1 миллион дона трикотаж буюмлар ишлаб чиқариш ташкил этилди. “Lemon International” хорижий компанияси (Гонконг) бунга инвестиция киритди. Жиззах вилоятидаги «Дўстлик» машина-трактор парки базасида эса йилига 3,5 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўтган йили соҳа корхоналарида энергия сарфини камайтириш ва энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилди. Масалан, 2015 йилда қиймати 1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 6 фоиз, табиий газ истеъмоли 9,8 фоизга камайди.

Енгил саноат корхоналари ўз фаолиятида маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг самарасида соҳада экспорт ҳажмининг ортиб бораётгани ва ички бозорларимиз мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар билан таъминланаётгани кузатилмоқда. Жумладан, ўтган йили қиймати 1 миллиард доллардан зиёд енгил саноат маҳсулотлари экспорт қилинди. Ўтган даврда экспортчи корхоналар сони 254 тага етди ва бу «Ўзбекенгилсаноат» корхоналари умумий сонининг 89 фоизини ташкил қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг