Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – «Ўзатом» агентлиги делегацияси жорий йилнинг 25 мартидан 3 апрелига қадар АҚШнинг Техас штатида МАГАТЭнинг атом энергетика соҳаси раҳбарлари учун (International Nuclear Executive Leadership Seminar) ташкил этилган халқаро семинарда иштирок этишди.
Ўзбекистон делегацияси мазкур тадбирда Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) ва Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти таклифига биноан иштирок этишди.
Семинарда Бразилия, Саудия Арабистони, Аргентина, Туркия, Иордания, Беларусь, Румыния, Польша, Нигерия, Жанубий Африка, Кения и Ўзбекистан каби атом энергетикаси соҳасига энди кириб келаётган 20 га яқин мамлакатларнинг соҳа раҳбарлари қатнашишди.
Семинарда МАГАТЭ, Атом электр станцияларидан фойдаланувчи ташкилотлар халқаро уюшмаси (WANO), Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси, «Westinghouse» компанияси (АҚШ), шунингдек, атом энергетикаси соҳасидаги АҚШнинг бошқа бир қатор тадқиқот марказлари, йирик компаниялари ва халқаро консультантлари ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тақдимотлар атом энергетикаси соҳасидаги глобал мавзуларнинг муҳокамасига бағишланди. Хусусан, бутунжаҳон ядро энерегетикаси ташкилотларининг фаолиятининг ривожланиш тенденциялари, ядровий хавфсизлик маданияти, ядровий билимларнинг самарали бошқаруви, ҳамда соҳа ривожи учун етук кадрлар тайёрлаш масалалари ва атом электр станцияси қурилиши лойиҳасида бошқарув жараёнлари каби мавзулар шулар жумласидандир.
Шунингдек, семинар давомида атом энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш жараёнида лойиҳага масъул раҳбарнинг роли ва масъулияти, фавқулодда ҳолатлар чоғида самарали ички мулоқотни таъминлаш, ЕРС яъни «калитини топшириш» шартлари асосидаги шартнома имзолашда тўғри нархлаш модели ва унинг тузилиши учун алоҳида ядро-энергетик дастур ишлаб чиқиш масалалари каби мавзуларнинг муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Жанубий Техас ҳудудида жойлашган атом электр станциясига танишув ташрифи уюштирилиб, ташриф давомида мазкур атом электр станциясидаги ўқув-машғулотлар маркази ҳамда «Ахборот маркази» билан яқиндан таништирув бўлиб ўтди.
Семинар якунида, иштирокчилар ва ташкилотчилар олинган билим ва кўникмалари ҳақида фикр алмашишди, мазкур форматдаги семинарларни янада самарали қилиш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашишди.
Мазкур семинар доирасидаги ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш Агентлиги Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси вакиллари билан АҚШнинг таълим марказларида атом энергетикаси йўналишида Ўзбекистонлик мутахассисларни таълим олиб, малака оширишларини ташкил этиш имкониятлари, шунингдек, МАГАТЭ вакиллари билан шу каби, ўқув-амалий семинарларни Тошкентда «Ўзатом» агентлиги ва атом соҳасининг миллий регулятори вакиллари учун ташкил этиш борасида ҳам музокаралар олиб борди.
Таъкидлаш лозимки, Техаснинг A&M университети Техас штатининг Колледж-Стейшен шаҳрида жойлашган бўлиб, иккита тадқиқот реакторига эга АҚШдаги ягона олий таълим маскани ҳисобланади. Талабалар сони бўйича АҚШ энг йирик университетлари орасида-65минг талаба билан еттинчи ўринни эгаллайди. Мазкур университетда нефть ва газ, атом энергетикаси, океанология, космонавтика ҳамда ландшафтшунослик каби йўналишлар бўйича таълим берилади.
Манба: «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.