Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 08/09/2020 Ўрмон ҳудудларида яшовчи қишлоқ аёллари даромадларини ошириш бўйича ўқув семинари
Ўрмон ҳудудларида яшовчи қишлоқ аёллари даромадларини ошириш бўйича ўқув семинари

Қашқадарё вилояти - БМТ ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда амалга оширилаётган «Ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Китоб туманида жойлашган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида аёллар ўртасида ҳунармандчилик кўникмаларини ривожлантиришга бағишланган ўқув семинари ташкил этилди. Анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг бир қатор  ҳудудларида яшовчи қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини ошириш ўтказилган семинарнинг асосий мақсадларидан биридир.

Семинар машғулотлари давомида анъанавий ҳунармандчилик қишлоқ аёллари учун иш ўрни ва даромад манбаи сифатида қандай наф келтириши ҳақида сўз юритилди. Шу билан биргаликда, семинарда иштирокчиларнинг билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, шунингдек, гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Умуман олганда, семинар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.

Гендер тенглиги масаласи мазкур лойиҳанинг ҳамма компонентида мавжуд бўлиб, танлаб олинган ўрмон хўжаликларида ўтказиладиган барча ўқитиш ва малака ошириш тадбирларидаги умумий иштирокчиларнинг камида 30 фоизини мазкур ҳудуларда яшовчи хотин-қизлар ташкил қилиши кўзда тутилган. Аёллар лойиҳанинг барча имкониятлардан фойдаланишда бир хилда шарт-шароитларга эга. Лойиҳа доирасида энг камида 500 хонадон иш билан таъминланиши назарда тутилган бўлиб, уларнинг камида 30 фоизини ёлғиз аёллар бошқарадиган хўжаликлар ташкил этади.

Республикамиз дунёдаги йирик туристик мамлакатлардан бирига айланаётган бир пайтда анъанавий ҳунармандчилик қишлоқ аёллари учун иш ўрни ва даромад манбаига айлантириш бўйича жуда катта салоҳият мавжуд.

Ўтказилган семинар машғулотларида Қашқадарё ҳамда Сирдарё вилоятларидан кам таъминланган оилалар, ёлғиз аёллар бошқарадиган хўжаликлардан хотин-қизлар иштирок этдилар. Тадбирларда қишлоқ аёлларига муқобил даромад стратегиялари тўғрисида тушунчалар берилди ҳамда тайёрланган маҳсулотларни маркетинг қилиш усулларини ўргатилди. Семинар қатнашчиларига Қашқадарё вилоятида ўзига хос бўлган кўрпа қавиш, ироқи тикиш маданияти, ўрмон хўжаликларида олинадиган қўй жунларидан унумли фойдаланиш, безак орнаментлари билан таништирган ҳолда, бевосита жунли буюмлар тайёрлаш кўникмалари бўйича амалий машғулотлар ўтилди.

Келгусида «Ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси ҳамда Китоб Давлат ўрмон хўжалиги раҳбарияти билан ҳамкорликда ушбу ташаббусни қўллаб- қувватлаш мақсадида хўжалик қошида аёллар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотиш учун дўкон очиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа томонидан ушбу ташаббусни янада қўллаб-қувватлаш учун жунга ишлов бериш ускуналарини беғараз тақдим этиш кўзда тутилган.

Семинар пандемия шароитдаги талабларга мос равишда ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг