Нуриддин Исмоилов ва Вячеслав Володин парламент алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, палатанинг қўмиталари, комиссияларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, В.Володин самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг сўнгги йилларда тобора кенгайиши ва мустаҳкамланиши, турли соҳалардаги серқирра ҳамкорликнинг ривожланишида кузатилаётган барқарор ижобий тенденцияни мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, ўзаро муносабатлар жадал ривожланаётгани, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар янги форматга эга бўлгани, ҳамкорликнинг барча йўналишларида ўзаро алоқалар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани эътироф этилди.
Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ва очиқ ташқи сиёсат таҳсинга сазоворлигини билдирди.
Икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳар томонлама фойдали эканлиги қайд этилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида парламентлараро форумлар, партиялар ва фракциялараро мулоқотлар ўтказиш бўйича фикрлар алмашилиб, ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув конструктив руҳда ўтди.