Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 03/02/2019 “Nuclear Engineering International” нашри “Ўзбекистоннинг ядровий интилишлари” деб номланган материални чоп этди
“Nuclear Engineering International” нашри “Ўзбекистоннинг ядровий интилишлари” деб номланган материални чоп этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Яқинда “Nuclear Engineering International” нашри “Ўзбекистоннинг ядровий интилишлари” деб номланган материални чоп этди. “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов билан ўтказилган мазкур суҳбатда мамлакатимизда биринчи АЭС қурилишининг сабаб ва натижалари таҳлилида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқлиги алоҳида қайд этилади.

Барчага аёнки, ядро энергияси иқтисодий ривожланишда муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан 2030 йилга келиб, унинг фаолияти мамлакатимизда электр энергия ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидан 15 фоизни таъминлаши, энергия ресурсларнинг экспорт салоҳиятини ошириши, табиий газдан бошқа мақсадларда, жумладан, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки экспорт учун фойдаланиши, карбонат ангидрид чиқарилишини 14 миллион тоннага, азот оксидини 36 минг тоннага қисқартириш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшиланишига имкон яратади.

Интервьюда АЭС қурилиши учун майдон танлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Айни чоғда Ўзбекистонда режалаштирилаётган атом электр станцияси қурилиши учун барча талабларга жавоб берадиган жой танланаётгани ва бунинг учун геологик ва сейсмик тадқиқотлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумотлар берилади. МАГАТЭ тавсиялари бўйича АЭС учун камида учта майдонда тадқиқотлар ўтказилиши зарур. Бу ўз ичига геологик, гидрологик, метеорологик, сейсмик, иқтисодий ва инфраструктурага оид тадқиқотларни қамраб олади. 1-1,5 йил давом этадиган жараён туфайли АЭС нинг қаерда барпо этилиши ҳақида аниқ фикр айтиш ўринсиздир.

Ўзбекистон томонидан ўзининг биринчи АЭС учун ВВЭР-1200 Россия технологиясини танланиши ҳам ушбу нашр учун катта қизиқиш уйғотган. “Ўзатом” агентлиги бош директори таъкидлаганидек, “3+” ВВЭР генерацияси технологиясига оид эволюцион лойиҳа ҳозирги замон халқаро талабларига ва МАГАТЭ тавсияларига мосдир. Шу боис мазкур лойиҳа бўйича ҳамкор сифатида бу технологияни таклиф этаётган ва атом энергетикаси соҳасида дунёда етакчи ҳисобланган “Росатом” давлат корпорацияси танлангани бежиз эмас.

“Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш борасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ, “Росатом” билан АЭС қурилиши юзасидан лойиҳалаштириш, таъминлаш ва қурилиш (ЕРС) тўғрисидаги шартнома имзоланади ва бунда у бош пудратчи сифатида қатнашади. ЕРС Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади ва Россия ҳукумати томонидан имтиёзли кредитлар билан таъминланади. АЭС қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилгач, у тўлиқ ҳолда ўзбек операторига берилади”, дейилади интервьюда.

Манбаа: ЎзА

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг