Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Маданият 05/05/2019 «Nouveau Monde Editions» Франция нашриётида Ўзбекистон ҳақидаги китоб чоп этилди
«Nouveau Monde Editions» Fransiya nashriyotida O'zbekiston haqidagi kitob chop etildi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – 2019 йил 3 май куни соат 18.00 да Мирзо Улуғбек номидаги "Central Park" боғида «Uzbekistan. An experience of cultural treasures to colour» (“Ўзбекистон. Маданият дурдоналарини бўяш орқали ўрганиш”) номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ноёб китоб Каримов Фонди томонидан «Nouveau Monde Editions» (Франция) ва «Pen and Sword Books» (Буюк Британия) нашриёт уйлари билан ҳамкорликда чоп этилди.

Инглиз ва француз тилларида чоп этилган китобдан кўзланган мақсад ўйин шаклидаги бўяш машғулотлари орқали замондошларимизни ўзбек халқининг бой маданий мероси – муҳташам тарихий ёдгорликлар, деворий нақшу нигорлар ва кошинларнинг бетакрор гўзаллиги, мураккаб ҳандасавий шакллар, шунингдек, гиламдўзлик, каштадўзлик ҳамда кулолчилик санъатининг нафис намуналари, ўтмиш ва бугунги кун рассомларининг ижодий ишлари билан таништиришдан иборатдир.

“4 йил илгари менда чет эллик дўстларим ва танишларимга Ватанимнинг бой маданияти, кўҳна ёдгорликлари, амалий ва тасвирий санъати ҳақида ҳикоя қилувчи интерактив китоб яратиш нияти туғилди. Бу – турли давлатларда яшовчи ёшу қари, турли касб-кор вакилларида қизиқиш уйғота олувчи китоб дейилса муболаға бўлмайди. Мазмун-моҳияти ва ноширлик санъати жиҳатидан ўхшаши йўқ бу китоб тарихчи, рассом, дизайнер, таржимон ва муҳаррир каби кўп сонли ижодкорларнинг тўрт йиллик меҳнати маҳсули саналади. Ушбу китоб Каримов Фонди ноширлик фаолиятининг дурдоналаридан бири бўлди”, – дея таъкилади Каримов Фонди раҳбари Лола Каримова-Тилляева китобнинг чоп этилиши ҳақида гапирар экан.

Китобнинг ҳар бир қўшсаҳифаси чап тарафида маданий объектнинг сурати ва унинг тарихий аҳамияти хусусида қисқа маълумот берилади, ўнг тарафдаги чизмани бўяш орқали эса ўқувчи ўша обида тимсолини жонлантириш имконига эга бўлади. 

Мазкур нашрни АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Швейцария каби давлатлар, шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиё минтақасида жойлашган бир қатор мамлакатлардаги китоб дўконларида харид қилиш мумкин бўлади.

Китоб Amazon ва бошқа интернет сайтларда ҳам сотувга чиққан.

Фавқулодда бадиий қудратга эга бўлган Ўзбекистон санъати асрлар давомида дунёга чинакам ижодий дурдоналарни туҳфа этиб келди. Ўзбекистон халқларининг шаҳарсозлик, меъморчилик ҳамда хунармандчилик соҳасидаги ютуқлари дунёда тан олиниб, бутунжаҳон инсоният меросининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. 

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон замини савдо карвонлари орқали келган кўплаб миллату элатларнинг маданий қадриятлари ва анъаналари ила озиқланган. Шу тариқа ушбу заминда ҳалигача инсониятни ҳайратга солиб келаётган ноёб маданият, бой тарихий мерос шаклланган.

Ўқувчиларни Ўзбекистон санъати намуналари билан қизиқарли ва ноёб тарзда таништиришда лойиҳа муаллифларини илҳомлантирган нарса ҳам шу бўлди.

Каримов Фонди Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихий-маданий ҳамда адабий меросини асраб-авайлаш ва авлодларга тўкис етказиш мақсадида тадбирлар ташкил этади. Ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш мақсадида миллий адабиётимизнинг пешқадам вакиллари асарларини таржима қилиш ва чоп этиш ҳам Фонднинг ноширлик борасидаги вазифалари сирасига киради. Мазкур йўналишда ҳам миллий адабиётимизнинг мумтоз намояндалари, ҳам замонавий адиблар ижодига эътибор қаратилади. Шу билан бирга, Фонд ёш ижодкорларга кўмак кўрсатади ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди. Сўнгги уч йил мобайнида Фонд томонидан 11та ноширлик лойиҳаси амалга оширилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг