Мазкур қарор билан давлат божи миқдорларини ҳисоблаш тизими янада соддалаштирилиб, аҳоли учун бир қанча енгилликлар яратилди. Жумладан:
автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари, бегона шахсларга берганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бунда давлат божи миқдори 1,7 бараварга арзонлашди;
автомашиналарни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи автомашинанинг чет элда ёки мамлакатимизда ишлаб чиқарилганлигидан қатъий назар, бир хил белгиланди ва унинг миқдори ўртача 2-5 маротабага арзонлашди;
уй-жойларни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи улар жойлашган аҳоли ҳудудига қараб белгиланди. Бунда, вилоятларнинг чекка туман ва шаҳарларидаги уй-жойлар учун давлат божи 2 баравар арзонлашди;
алимент тўлаш тўғрисидаги келишувлар, гаров, ипотека, лизинг, кафиллик, текин фойдаланиш ва қарз шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи аниқ ва тушунарли миқдорларда белгиланди.