Нодирбек Яқуббоев Чехиядаги шахмат фестивалида Challengers турнири ғолиби бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Яқуббоев Чехияда ўтказилган шахмат фестивали доирасидаги Challengers турнирида ғалаба қозонди.
Фестиваль доирасида учта даврий турнир ташкил этилди:
Masters — мусобақанинг асосий турнири,
Challengers — Masters гуруҳига йўлланма олиш учун саралаш босқичи,
Futures — ғолиблари Challengers гуруҳида иштирок этиш имкониятига эга бўлган мусобақа.
Нодирбек Яқуббоев мусобақада 5 та ғалаба қозонди ва 4 та дуранг қайд этди, биронта мағлубиятга учрамади. У 9 очкодан 7 тасини тўплади ва шу натижани қайд этган Даниялик Йонас Бюль Бьерре билан биринчи ўринни бўлишди. Тай-брейк баҳсларидаги муваффақиятли ўйин эса унга ғолибликни таъминлади.
Ушбу ғалаба Яқуббоевга келаси йил Masters гуруҳида иштирок этиш имконини берди. Шунингдек, у шахсий рейтингини 2665га етказиб, энг юқори кўрсаткичларидан бирига яқинлашди.