Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 23/12/2016 Нодавлат таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари – муҳокамалар марказида
Нодавлат таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари – муҳокамалар марказида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш масалаларига, шунингдек, ёшларга доир давлат сиёсатини бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтаришга энг устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Зеро, узлуксиз таълим тизимига эътибор бевосита таълим жараёни иштирокчиларига барча зарурий шарт-шароитларни яратиш билан уйғун тарзда олиб борилмоқда. Таълим сифатини ошириш, юксак малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, таълимни ривожлантириш йўналишларидаги қатор Давлат дастурлари соҳани тубдан ислоҳ қилиш, таълим жараёни иштирокчиларига зарурий шарт-шароитлар яратиш, таълим мазмуни ва сифатини такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Нодавлат таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида видеоселектор тарзида ўтказилган давра суҳбатида ҳам иштирокчилар эътибори айни шу масалаларга қаратилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта-махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда ҳудудий таълим бошқарув органлари маъсул ходимлари, Давлат тест маркази мутасаддилари ва нодавлат таълим муассасалари раҳбар-ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида узлуксиз таълим тизимини янада ривожлантириш, таълим мазмуни, сифати ва самарадорлигини ошириш, жаҳон стандартларига мос кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бугунги кундаги самарали натижалари халқаро майдонда ҳам юксак эътирофга сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

Маълумки, бугунги кунда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги рақобат майдонида таълим фаолияти билан шуғулланиш учун республика бўйича (2016 йил 14-декабрь ҳолатига) жами 821 та нодавлат таълим муассасалари лицензия олган бўлиб, шундан 194 таси мактабгача таълим муассасалари, 31 таси умумий ўрта таълим муассасалари, 102 таси мактабдан ташқари таълим муассасалари; 1 таси олий таълим муассасаси, 493 таси кадрларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш курсларидир.

Давра суҳбатида давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли маърузасида ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши йўналишида билдирган фикрлари ҳамда бу борада белгилаб берилган устувор вазифаларини амалга ошириш йўналишида давлат ва нодавлат таълим муассасалари, уларнинг раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларининг функционал вазифалари чуқур таҳлил қилинди.

Тадбир давомида нодавлат таълим муассасаларида ёшларга таълим-тарбия бериш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ҳам кенг муҳокама қилиниб, иштирокчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давра суҳбати якунида “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларини тўлақонли рўёбга чиқариш, таълим-тарбия жараёнлари самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро таълим стандартлари даражасида такомиллаштириш, шунингдек, давлат ва нодавлат таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада кучайтириш йўналишларида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг