Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 09/01/2024 Нобанк молия ташкилотлари иқтисодиётга инвестиция киритишда қандай аҳамиятга эга?
Нобанк молия ташкилотлари иқтисодиётга инвестиция киритишда қандай аҳамиятга эга?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда нобанк молия ташкилотлари секторининг иқтисодиётга инвестиция киритувчи манба сифатидаги ривожланиш даражасини таҳлил қилди. 

Жаҳон молия бозорида нобанк молия ташкилотлари капитал ресурслар ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи механизмларга бўлган ялпи талабни қондирувчи асосий манбалардан бири ҳисобланади. 

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) 2023-йилги ҳисоботига кўра, жаҳонда нобанк молия секторининг умумий активлари қиймати 160 трлн. АҚШ долларини ташкил этади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда нобанк молия секторининг жами инвестициялари ҳажми муттасил ортиб бормоқда. Агар 2020-йилда нобанк молия ташкилотлари секторининг жами инвестициялари ҳажми 5,8 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2023-йилнинг дастлабки 6 ойида бу кўрсаткич 9,1 трлн. сўмга етди.

Ўз навбатида бу даврда нобанк молия ташкилотлари инвестицияларининг ЯИМга нисбати мос равишда 1,6 фоиздан 2,9 фоизгача ошди.

Шунга қарамай, соҳанинг бугунги ривожланиш даражаси дунёнинг ривожланаётган етакчи мамлакатларидагидан ортда қолмоқда. Масалан, нобанк молия ташкилотлари активларининг ЯИМга нисбати Таиландда 59,9 фоизни, Қозоғистонда12,7 фоизни, Туркияда 10,3 фоизни ташкил этади.

2023-йилнинг дастлабки ярми якунига кўра, нобанк молия ташкилотлари томонидан киритилган инвестицияларнинг 45,3 фоизи лизинг хизматлари, 38,7 фоизи суғурта бозори иштирокчилари, 16,0 фоизи фонд биржасининг улушига тўғри келган. 

Лизинг компаниялари портфелининг умумий ҳажми 6,6 трлн. сўмни ташкил қилади. Унинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги техникаси (36,0 фоиз), технологик ускуналар (26,5 фоиз) ва автотранспорт (26,0 фоиз) лизингига тўғри келади.

Лизинг бозорида банклар улуши билан бирга автотранспорт воситалари лизинги ҳам кескин камайиши кузатилмоқда. Бу эса банкларнинг фаол автокредитлаш сиёсати натижаси бўлиши мумкин.

Суғурта компанияларининг жами инвестициялари ҳажми 5,1 трлн. сўмни ташкил этади. Ушбу маблағ асосан депозитлар (63,4 фоиз), қимматли қоғозлар бозори (24,4 фоиз) ҳамда кўчмас мулк бозорига (8,2 фоиз) йўналтирилмоқда. Инвестиция киритишнинг нисбатан хавфсиз шакли ҳисобланган банк депозитлари бўйича фоиз ставкасининг ўсиши банк депозитларида суғурта компаниялари инвестициялари ҳажмининг ортиб кетишини келтириб чиқарди. 

«Тошкент» республика фонд бозорида январь-июнь ойларида жами 2,1 трлн. сўмлик битимлар имзоланган. Битимларнинг 93,8 фоизи акциялар, 3,5 фоизи облигациялар, 2,6 фоизи бирламчи оммавий савдоларнинг (IPO) ҳиссасига тўғри келади. Корпоратив облигациялар ҳажмининг камлиги фонд биржасига облигацияларни жойлаштириш тартибини такомиллаштириш зарурлигидан далолат беради. Бу эса ўз навбатида корхоналарга банк кредитларининг муқобил манбаларидан фойдаланиш имконини беради. 

Ўзбекистонда нобанк молия секторини ривожлантириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилади:

- Лизинг ташкилотлари томонидан бизнес ва аҳолига таклиф этилаётган хизматлар таркибида энергия самарадорлиги юқори бўлган қуёш панеллари ва кичик гидроэлектр станциялар каби замонавий технологиялар ҳажмини ошириш керак.

- Ҳаёт суғуртаси ва тиббий суғурта каби хизматларни амалиётга кенг жорий этиш орқали суғурта бозорининг фаоллигини ошириш лозим. 

- Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш ва иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш мақсадида Республика фонд биржасини хусусийлаштириш имкониятларини ўрганиш мақсадга мувофиқ.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг