Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Мазкур ҳужжатда 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатда "Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлаш кўзда тутилган.
Бош вазир раҳбарлигида ташкилий қўмитага ҳудудларда, шаҳар ва қишлоқларда Наврўз байрамининг умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминлаш юклатилган.
Жумладан, Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайиллари ташкил этилади.
Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилади.
Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш режалаштирилган. Наврўз умумхалқ байрами арафасида республиканинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш белгиланди. Шу билан бирга, кўклам таомлари тайёрланиб, уларнинг савдоси йўлга қўйилади.
Барча тадбирлар карантин қоидалари ва жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади.