Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 22/08/2016 Навоийда O‘zLiDePнинг “Ишбилармон талаба” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди
Навоийда O‘zLiDePнинг “Ишбилармон талаба” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 18-19 август кунлари Навоий шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида Ёшлар форуми ва унинг доирасида “Ишбилармон талаба - 2016” стипендияси кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

Тадбирнинг биринчи куни иқтидорли, ишбилармон, ёш бўлишига қарамасдан мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, кўплаб ютуқларга эришган ёшларнинг янги ғоялари, ташаббуслари билан кенг кўламда ташкил этилган Ёшлар форуми ўзгача байрамона кайфиятда бошланди. Даслаб иштирокчилар миллатимиз ғурур-ифтиҳори бўлмиш бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Форумнинг ўзига хос тантанавор тарзда карнай-сурнай садолари остида очилиши ёшларни юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ҳамда Ватан тинчлиги йўлида фидокор, бунёдкор, ташаббускор бўлишга чорлади, гўё. Бир-биридан қизиқарли спорт мусобақалари, беллашувлар, вилоятлик ёш спорчларнинг чиқишлари форум иштирокчиларини янада завқ бағишлади.

Форумда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, “Ишбилармон талаба - 2016” кўрик-танловнинг якуний босқичига йўлланма олган ёшлар иштирок этишди.

Таъкидланганидек, истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очди. Унинг халқимизга берган бахт-саодатини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Айниқса, бундай ҳур ўлкада улғайиб, камол топаётган ёшлар, мустақиллик тенгдошлари кўплаб ютуқларга эришишди, мамлакат ривожи йўлида ўқиб, изланиб, баланд марраларни қўлга киритишмоқда. Буни партия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Ишбилармон талаба - 2016” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, 2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ишбилармон талаба” кўрик-танлови шу кунга қадар минглаб янги иқтидорларни кашф этди. Айниқса, мазкур кўрик-танловда ғолиб бўлиб, партиянинг махсус стипендиясини қўлга киритган академик лицей ва коллеж ўқувчилари ўз тадбиркорлигининг дебочасини айнан партия кўмагида бошлагани қувонарлидир.

Маълуот ўрнида айтиш жоизки, шу кунга қадар лойиҳа доирасида 150 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олиниб, 280 нафар ёшлар O‘zLiDePнинг махсус стипендисини қўлга киритган. Шунингдек, лойиҳа доирасида иштирок этган 15 минг нафар ёшлар ўзининг кичик бизнес, тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини йўлга қўйди. Бунинг натижасида ёшлар томонидан 45 мингта янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда ҳам мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг турли ҳудудларида туман, шаҳар, вилоят босқичларида муваффақиятли амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида ташкил этилган бу йилги тадбирларда 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этди. Вилоятлар миқёсида энг яхши, деб топилган 42 нафар иштирокчи республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Аҳамиятлиси шундаки, бу орқали ёшлар ўзларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш имконига эга бўлишмоқда. Ўз навбатида, ушбу тадбир академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳаёти ва фаолиятига кириб бориш баробарида ўқувчиларни партия ҳаракат дастурларидан бохабар этиш орқали тарафдорлар сафини янада кенгайтириб боришдек эзгу мақсадларни амалга оширишда самарали восита бўлиб хизмат қиляпти.

Форумдан сўнг кўрик-танлов иштирокчиларининг кўргазмаси намойиши бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, тўқувчилик, пазандачилик, фермерлик каби йўналишларда ўзлари тайёрлаган маҳсулотларини намойиш этиш билан бирга “Инновацион лойиҳа” йўналиши бўйича, нашрдан чиқарилган китоблари ва мақолалари, чизган суратларини танлов иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар ва ҳар бир иштирокчининг ишлари танлов низомига биноан баҳоланиб борилди.

- Бугунги форум ва унинг доирасида ташкил этилган мазкур танлов мен учун жудаям омадли ва тассуротларга бой бўлди, – дейди андижонлик танлов иштирокчиси Зулайҳо Каримова. – Чунки, республикамизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли, ишбилармон ёшлар билан ўзаро тажриба алмашдик, дўстлар ортирдик. Мен мазкур танловда гулчилик йўналишим билан иштирок этдим. Ушбу фаолиятимни бошлаганимга бир йил бўлган бўлсада, ҳозирда ўз оилавий тадбиркорлигимни йўлга қўйиб, ўз тенгқурларимни 2 нафарини иш билан таъминладим. Етиштираётган гулларимизнинг бугунги кунда ўз харидорига эга бўлиб, бир йилллик даромадимиз 10 миллион сўмни ташкил этади. Бу ишбилармонлигимизни коллежда ўқиш давомида амалга ошириб келинаётган меҳнатимизнинг маҳсули деб биламан. Келажакда ўз фаолиятимни янада риволантириш баробарида Ўзбекистон иқлимига мос келадиган чет эл гул навларини етиштириб, харидорларга ҳам сифатли, ҳам арзон маҳсулот етказиб бериш. Ўтган бир йил давомида ўзим таҳсил олаётган Олтинкўл иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бир гектар ер майдонида етиштираётган гулларим билан кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссамни қўшдим.

- Бугунги танловда мен миллий каштачилик ва қуроқчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича лойиҳам билан иштирок этдим, - дейди жиззахлик иштирокчи Мафтуна Раимқулова. – Ушбу соҳа билан беш йилдан буён шуғулланиб келаман. Онамдан ўрганган бу ҳунарни ҳозирги кунда 6 нафар ёшларни ўзимга шогирд қилиб олганман. “Ишбилармон талаба” кўрик-танлови натижасида бошқа вилоятлардан келган иқтидорли, ишбилармон ёшлар билан тажриба. Фикр алмашиб, ўз олдимга янги мақсадларни қўйдим. Келажакда тадбиркорлигимни янада кенгайтириб, мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Кенг имкониятлар диёри – Ўзбекистоннинг бахтиёр фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

- Мен Нурота туманидаги кулоллар авлодининг 3-вакиласиман. Олти ёшимдан буён амалий санътининг ушбу тури билан шуғулланиб келмоқдаман, - дейди навоийлик танлов иштирокчи Раъно Истамтошева. – Аввало, ушбу танловнинг республика босқичи бизнинг навқирон Навоий вилоятида ташкил этилганидан жуда хурсанд бўлдим. Ўйлайманки, вилоятимизга илк бор ташриф буюрган тенгқурларим катта таассуротлар билан қайтишди.

Тадбирнинг иккинчи куни иштирокчилар танлов доирасида вилоятдаги партия ёшлар қаноти фаоллари томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш обеъктлари ва фермер хўжаликлари, шунингдек, “Ишбилармон талаба” стипендияси кўрик-танловининг ўтган йилги вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларнинг бугунги кундаги тадбиркорлик соҳасида олиб бораётган ишлари, эришган ютуқлари билан танишиб чиқдилар.

Навойи шаҳридаги “Фарход” маданият саройида Ватанни, истиқлолни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар садолари остида кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Саҳналаштирилган байрам дастури иштирокчиларга бир олам қувонч бағишлади, деб хабар беради O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг