Навоий шаҳрида жамоат овқатланиши қоидаларини бузган ресторанга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий шаҳрида давлат тилида меню тақдим этмаган жамоат овқатланиш муассасасига нисбатан чоралар кўрилди.
Шаҳар фуқароси Э.Н. Навоий вилояти Антимонополия қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилиб, “NAVOIY-SAXOVAT MANZILI” МЧЖга қарашли ресторанда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилганини маълум қилди.
Текширув давомида бошқарма мутахассислари мазкур муассасада корхона номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) ва маълумотларни сканер қилиш учун махсус QR-код мавжуд эмаслигини аниқладилар. Шунингдек, иш режими ҳақидаги маълумот, нарх белгилари ва давлат тилидаги таомлар рўйхати ҳам жойлаштирилмаган эди.
Текширув натижаларига кўра, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “NAVOIY-SAXOVAT MANZILI” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ва жамоат овқатланиши соҳасида хизмат кўрсатиш тартибини тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори талабларининг бузилганлиги аниқланди.
Шунингдек, корхона масъул ходимига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.