Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг 10-ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви ҳам бошқа ҳудудлардаги сингари сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллиги остида бўлиб ўтди.
Номзод билан учрашувда депутатлар, шаҳардаги корхона ва ташкилотлар ходимлари, маҳаллалар фаоллари, талаба-ёшлар, “Адолат” СДП аъзолари ҳамда журналистлардан иборат жами 700 нафардан зиёд сайловчи иштирок этди.
Учрашувни Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директори А.Саидов олиб борди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили — Абу Райхон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази директори Н.Мухаммедов пойтахтликларни Наримон Умаровнинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров нутқ сўзлади. У, жумладан, пойтахтимиз бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақамизнинг юксак тараққий этган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-молиявий ва маънавий-маърифий маркази эканлиги, айниқса, истиқлол йилларида Тошкент шаҳри қудратли саноат ва транспорт-коммуникация тармоқлари, замонавий ижтимоий инфратузилмаларни ўзида мужассам этган йирик мегаполисга айланганлигини эътироф этди.
Наримон Умаров сайловчиларга “Адолат” социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган Сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилар экан, халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган янги вазифаларни, марраларни белгилаш ва уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш асосий мақсади эканлигини билдирди.
У шунингдек, давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучини сафарбар этишга ваъда берди.
Н.Умаров пойтахт уй-жой бозорида олди-сотди ва ижара муносабатларининг фаоллиги, бу борада турли қонун бузилиши ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраб туриши, қолаверса, уй-жой фондининг катталиги, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг коммунал тўловларга сезувчанлиги каби Тошкент шаҳрига хос айрим ижтимоий масалаларга сайловчилар эътиборини қаратиб, уларнинг ечими юзасидан ўз дастурий таклифларини илгари сурди.
Хусусан, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун жавобгарликни ва назоратни кучайтириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширишини қайд этди.
Шу билан бирга, пойтахтимизда бунёд этилаётган замонавий уй-жойларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишда уларга инновацион, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Номзод сайловолди ташвиқоти доирасида ўтказилаётган учрашувлар унга нафақат ўз дастурини тақдим этиш, балки сайловчиларнинг фикр ва интилишларини яқиндан билиш имконини бераётганини қайд этди ҳамда сайловчиларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтарди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Саматов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати О.Абдуллаева, Тошкент молия институти декани У.Раджабов, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чилонзор туман бўлими бошлиғи Г.Муродова, Тошкент шаҳар врачлар малакасини ошириш институти Офтальмология кафедраси ассистенти Л.Мақсудова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқди ва пойтахтимиз аҳолисини шу йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.