Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 26/11/2024 Наманган иқтисодиётининг қўшимча имкониятлари таҳлил қилинди

Наманган иқтисодиётининг қўшимча имкониятлари таҳлил қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Наманган вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ўтган ўн ойда вилоятда 681 та лойиҳа бажарилиб, 21 мингта иш ўрни яратилган. 21 триллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 702 миллион долларлик экспорт қилинган. Йил якунигача вилоят иқтисодиёти 8 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Энди келгуси йилга марра олиш зарур. Шу боис барча ҳудудларга ишчи гуруҳ юборилиб, тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилиб, режалар шакллантирилмоқда.

Наманган вилоятида 527 миллион долларлик 182 та янги лойиҳа имконияти аниқланган. Масалан, Наманган шаҳри “Баркамол авлод” маҳалласидаги кичик саноат зонаси кенгайтирилса, 60 миллион долларлик чарм-пойабзал лойиҳасини жойлаштириш мумкин. Мингбулоқдаги “Наманган” массивида шундай зона ташкил қилинса, 25 миллион долларлик саноат лойиҳаларига шароит бўлади.

Поплик тадбиркор АҚШлик ҳамкорлар билан 80 миллион доллар сармоя киритиб, йилига 1,8 миллион тонна флюорит тошини қайта ишлаш таклифини берган. Натижада 200 та иш ўрни, 70 миллион доллар экспорт имконияти пайдо бўлади. Яна бир корхона 40 миллион доллар инвестиция киритиб, 5 минг гектарда доривор ўсимлик етиштириш, қандолат ишлаб чиқариш ва туризм маскани ташкил қилиш истагини билдирган.

Ушбу тумандаги сизот суви яқин ерларда шоли, ғалла, доривор ва озуқабоп экинлар, Норин туманидаги мелиоратив тик қудуқлар атрофида балиқ етиштириш мумкин. Чоркесар, Заркент ва Испарон ҳудудларида суғориш яхшиланиб, чорвадорларга ер ажратилса, 100 минг бош қорамол ва эчки боқиш имкони бор.

Янгиқўрғонда Қишлоқ хўжалиги техникуми ташкил этилиб, картошкачилик маркази билан дуал таълим йўлга қўйилиши ҳам малакали мутахассислар, ҳам асосий озиқ маҳсулоти тайёрлашга хизмат қилади. Асаларичилик хўжаликлари билан кооперация орқали хонадонларда асалари боқиб, уларни қўшимча даромадли қилса бўлади.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Хусусан, 2025 йилда Наманган вилоятига 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, 34 минг иш ўрни яратиш ва 1 миллиард доллар экспорт қилиш мўлжалланган.

Жорий йил якунида камбағаллик даражасини 8 фоиздан ҳам пасайтириш режлаштирилган. 2025 йилда 78 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариб, бу кўрсаткични 5,3 фоизга тушириш кўзда тутилган. Шунингдек, чет элда меҳнат миграциясида бўлган 100 мингга яқин кишини юртимизда иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, вилоят иқтисодиётини комплекс ривожлантириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга кўрсатма берди. Инвесторларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, лойиҳалари учун шароит яратиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиб, бандликни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг