Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 01/05/2024 Мутахассисларимиз «ОПЕК»га аъзо давлатларда малака оширади
Мутахассисларимиз «ОПЕК»га аъзо давлатларда малака оширади

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, «Эл-юрт умиди» жамғармаси раҳбарияти ва ОПЕК (Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти) Халқаро тараққиёт жамғармаси делегацияси ўртасида учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашувда, Давлат бошқаруви академияси ректори,  «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори А. Бекмуродов ҳамда ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Президенти Абдулҳамид Ал-Халифа, жамғарма директори Мусаб Аломар, жамғарма менежери Ольга Михайловалар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни муҳокама этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат натижасида ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, энергетика соҳаларида эришилаётган улкан натижалар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган жозибадор шароитлар ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Президенти томонидан эътироф этилди.

Мулоқот давомида, томонлар энергетика, транспорт соҳалари, яшил иқтисодиёт, камбағалликни қисқартириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, инфратузилмаларни барқарор ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда бевосита иштирок этаётган тўрли бўғиндаги давлат хизматчилари учун ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси кўмаги остида турдош лойиҳалар ишга туширилган давлатларда қисқа ва узоқ муддатли стажировка ва ўқув дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Халқаро жамғарма Президенти мазкур учрашув самарали бўлганини таъкидлаб, Академия ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ОПЕК давлатларидаги қатор соҳаларда эришилган ютуқлар “билим-трансфери» бўлиб, ўзбек мутахассислари томонидан ўзлаштирилишига шубҳа қилмаслигини айтди.

Маълумот учун: Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПEК) — нефть қазиб олиш квоталари устидан назорат қилиш учун тузилган халқаро ҳукуматлараро ташкилотдир. 1960 йил сентябрь ойида ташкил этилган. 

2023 йил октябрь ҳолатига кўра ОПEК таркибига 12 та давлат киради: Жазоир, Венесуэла, Габон, Ироқ, Эрон, Конго, Қувайт, Ливия, Бирлашган Араб Амирликлари, Нигерия, Саудия Арабистони, Экваториал Гвинея.

Бош қароргоҳи Австрия пойтахти - Вена шаҳрида жойлашган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг