Муллажоновга нисбатан допинг шубҳасига тиббий муолажа сабаб бўлиши мумкин — Ўзбекистон бокс федерацияси баёноти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бокс федерацияси Париж‑2024 Олимпиадаси чемпионатида ғолиб чиққан Лазизбек Муллажонов ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
«Эслатиб ўтамиз, Лазизбек Муллажонов — Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Париж‑2024 Олимпия ўйинлари олтин медали совриндори. Ижтимоий тармоқларда боксчимизда допинг моддалари аниқлангани ва натижанинг бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди», — дейилади Федерация баёнотида.
Федерация таъкидлашича, бугунги кунда Муллажонов профессионал боксда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Спортчимиз доимий равишда допинг қоидаларига риоя қилиб келган ва допинг синама тестлари натижалари ҳар доим манфий чиққан бўлиб, жорий йилнинг 11 июнь куни Халқаро допинг қоидаларига кўра спортчимиздан допинг синама тести олинган ва Халқаро Тест агентлигига (ITA) томонидан тест натижаларига кўра тақиқланган моддалар борлиги аниқланганлиги юзасидан ахборот хати тақдим қилинди.
Спортчимиз Париж-2024 Олимпия ўйинларидан сўнг, 2024 йил 19 ноябр куни Фарғона шаҳридаги хусусий шифохонада соч кўчириб ўтказиш амалётини ўтказганли сабабли, 4 босқичли операция амалётида ва операциядан кейинги муолажаларда шифохона томонидан тақдим қилинган даволаниш учун дори воситаларини қабул қилганлиги ва ушбу дори воситаларида айрим тақиқланган допинг моддалари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси ва Лазизбек Муллажонов томонидан Халқаро Тест агентлигига (ITA) ушбу масала юзасидан керакли барча ҳужжатлар тақдим қилинган бўлиб, Лазизбек якуний қарор чиқишини кутмоқда.
Ижтимоий тармоқларда вакилимиз допинг қоидаларини бузганлиги сабабли Париж-2024 Олимпия ўйинлари олтин медали натижаси бекор қилиниши тўғрисида хабарлар асоссиз эканлиги ва юқоридаги ҳолат Олимпия ўйинларидаги натижасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини маълум қиламиз.
Федерация оммавий ахборот воситаларини тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка ва расмий маълумотлар учун тўғридан-тўғри ташкилотга ёки Лазизбек Муллажоновнинг ўзига мурожаат қилишга чақирди.