Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 28-декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга оширишда «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси олдида турган долзарб масалалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров ва бошқалар мазкур фармон аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимини яратишга қаратилганини таъкидлади.
– Фармонда барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсади мужассам, – дейди «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Қодир Жўраев.
Фракция йиғилишида депутатлар томонидан мазкур фармонда белгиланган муҳим вазифалар ижроси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда сиёсий партиялар, жумладан, «Адолат» СДП фракцияси, партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари зиммасига катта масъулият юклаши алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан партия фракциясининг вазифалари белгилаб олинди.