Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 28/10/2016 МСК томонидан Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича ОАВ вакиллари учун видеконференцалоқа шаклида брифинг ўтказилди
МСК томонидан Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича ОАВ вакиллари учун видеконференцалоқа шаклида брифинг ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун видеконференцалоқа шаклида брифинг ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бориши ҳақида хабардор қилди.

Таъкидланганидек, сайлов кампанияси мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига асосан сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.

Хусусан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларини инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, Тошкент телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.

“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурли жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни, махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Шунингдек республикамизнинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликлари бепул жойлаштириш имконияти яратилади.

Эътиборли жиҳати, сайлов тажрибамизда биринчи марта “Овози тожик”, “Нурли жол” газеталари нашр майдонларидан ҳам номзодлар ташвиқоти учун фойдаланишга қарор қилинди. Бу шубҳасиз мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг номзодлар сайловолди дастурлари қоидалари билан яқиндан танишиш имкониятини янада кенгайтиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, услублари ва мазмунини мустақил белгилайдилар.

Таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг