Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 23/08/2022 МОХИ директори Ўзбекистон - Корея экспертлар форумида иштирок этди
МОХИ директори Ўзбекистон - Корея экспертлар форумида иштирок этди

Жорий йил 23 август куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – Жанубий Корея: келажакка назар” экспертлар форуми бўлиб ўтди. 

Илмий тадбирда икки давлатнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек эксперт-таҳлилий ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий мулоқотга бағишланган сессияда сўзга чиққан МОХИ директори А. Насиров Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тарихан ўрнатилган дўстлик муносабатлари, узоқ йиллик самарали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини алоҳида таъкидлади. 

Ҳозирги вақтда икки томонлама мулоқот, шунингдек, мавжуд кўп томонлама ҳамкорлик форматлари доирасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу орқали минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кўприкларни яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Корея нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларининг ҳам асосий шерикларидан бири экани таъкидланди.

Шу муносабат билан, Корея томонига Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини берувчи “Марказий Осиё + Корея” формати доирасидаги ўзаро ҳамкорликка эътибор қаратилди. 

А. Насиров ўз нутқи давомида Корея Республикаси ва минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Биринчидан, “Марказий Осиё + Жанубий Корея” формати доирасида конструктив ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш, уни янги мазмун билан тўлдириш. 

Иккинчидан, транспорт-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;

Учинчидан, ўзаро савдо ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш бўйича иш олиб бориш;

Тўртинчидан, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича Жанубий Кореянинг катта тажрибасини инобатга олган ҳолда, экология соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш; 

Бешинчидан, маданий-маънавий ва миллий қадриятларнинг яқинлигини ҳисобга олиб, асосий эътибор маданий-гуманитар алоқаларни ҳар томонлама чуқурлаштириш, халқ дипломатиясини ривожлантиришга қаратилиши керак;

Олтинчидан, таҳлилий тузилмалар билан фаол ҳамкорлик олиб бориш.

Хулоса ўрнида, мазкур экспертлар форуми натижалари жорий ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама ва холисона таҳлил қилиш, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашиш имконини беришига ишонч билдирилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг