Москвада B2B учрашувлари: Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари янги бозорларга йўл олмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда “Fashion Style Russia”, “Интерткань.Весна 2025” ва “Легпром СНГ+” кўргазмалари доирасида Россиянинг Москва шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг савдо миссияси ташкил этилди.
13 март куни, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Москва шаҳрида йирик B2B учрашувлари ўтказилди. Тадбирда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда Россиянинг йирик импортёрлари ва улгуржи харидорлари иштирок этиб, тўғридан-тўғри музокаралар олиб бордилар.
Учравушлар доирасида 40 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона ўз маҳсулотларини намойиш этиш ва янги бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлди.
Учрашув натижаларига кўра, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига катта қизиқиш билдирилди ва қатор йирик компаниялар билан ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ушбу музокаралар Ўзбекистон тадбиркорлари учун халқаро шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.