“Monteks Tekstil San. Ltd. Sti” раҳбари Метин Куртулай ўзбек текстиль корхоналарига ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган ташриф доирасида “Monteks Tekstil San. Ltd. Sti” соурсинг компанияси раҳбари Метин Куртулай бир қатор корхоналар билан танишиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистондаги йирик корхоналарга ташриф буюрди.
Дастлаб UZTEX GROUP ва SAAS TEKS INVEST компанияларининг ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлари билан танишилди. Учрашувда Европа бозорига экспорт қилиш учун зарур бўлган сертификатлар, техник талаблар ва экспорт жараёнлари бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Европа давлатларига етказиб бериш учун мақбул маҳсулотлар танлаб олинди ва нархлари таҳлил қилинди.
Шунингдек, Метин Куртулай ECO SOFT TEXTILE компаниясининг пайпок ишлаб чиқариш заводига ташриф буюриб, у ерда болалар, аёллар ва эркаклар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди.
Ташриф натижасида экспорт учун зарур бўлган барча сертификатлар ва маҳсулотлар аниқланди, ҳамда келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида муҳим қадамлар қўйилди.