Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида Молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисида ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллик ижроси “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда белгиланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда Президентимизнинг короновирус инфекциясига қарши курашиш, глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорлари, қолаверса, Ҳукумат ва Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.
Дунё миқиёсида кечаётган глобал ўсиш суръатлари пасайиши жараёнининг мамлакат иқтисодиётга ҳам таъсир этиши натижасида 2020 йил биринчи ярим йили якунига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 255,3 трлн. сўмни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 % ни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджет 2020 йил биринчи ярим йили даромадлари 71,6 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 28,8 фоиз, харажатлари эса 80,5 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32,4 фоизни ташкил этган.
Мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида Давлат бюджетининг 2020 йил 6 ойлик даромадлари 58,2 трлн. сўмга ёки тасдиқланган йиллик параметрларга нисбатан 45,3 фоизга ижро этилган. Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга кўп маблағ туширилишига эришилган.
Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллиги харажатлари 64,9 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга ошган. Натижада 23,1 трлн. сўм миқдоридаги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда 5,0 трлн, сўм миқдоридаги иш ҳақига нисбатан ажратмалар тўлиқ ва муддатида молиялаштирилган.
Қолаверса, ўтган 6 ой давомида иқтисодиёт харажатларига Давлат бюджетидан 9,0 трлн. сўм ёки жами харажатларнинг 13,9 фоизи, инвестиция харажатларига эса 6,0 трлн, сўм ёки жами харажатларнинг 9,2 фоизи сарфланган.
Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш, нафақа ва моддий ёрдам тўловлари, иқтисодиёт ва инвестиция харажатларининг ўсиши юқори бўлишига мамлакатда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва пандемия шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари бўйича амалга оширилган харажатлар асосий омил бўлган.
Хусусан, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5,6 трлн. сўмлик коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини кўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш бўйича тадбирлар молиялаштирилган.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида маҳаллий бюджет маблағларини мустақил бошқаришни мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, маҳаллий ҳокимликларни маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йилида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар прогнози жами 10,2 трлн. сўм этиб белгиланган ва режа амалда 12,9 трлн. сўмга ижро этилган. Бунда асосан ҳудудларда янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, кам қувватли корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги ва қўшимча иш ўринларини яратиш ва легаллаштириш, солиқ қарзини қисқартириш, камерал ўрганишлар ўтказиш орқали белгиланган прогноз режалар ижроси таъминланган.
Мажлисда маҳаллий бюджетларнинг ҳудудлар бўйича умумий даромадлар прогнози бажарилган бўлса-да, аммо айрим солиқ турлари бўйича белгиланган режа-топшириқлари бажарилмагани таъкидланди. жумладан, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига маҳаллий бюджетларга солиқлардан қарздорлик 2,9 трлн. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 112 млрд. сўмга ошган. Маҳаллий бюджетларнинг Давлат бюджети даромадларидаги улуши 22,1 фоизни, унинг жами харажатлардаги улуши 31,1 фоизни ташкил қилган.
Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг тарқалиши, карантин чораларининг қўлланилиши натижасида маҳаллий бюджетлар харажатларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлар харажатларидан қарийб 1 трлн. сўмга мақбуллаштирилган. 2020 йилнинг 27-28 апрель кунлари кучли шамол оқибатида Бухоро вилоятида зарар кўрган аҳоли ва иқтисодий-инфратузилма объектларига 164 млрд. сўм ҳамда 1 май куни “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш харажатларига жорий йилнинг ярим йилида 500 млрд. сўм қўшимча маблағлар йўналтирилган.
Қолаверса, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 10 фоизга оширилган. Ушбу тадбирлар натижасида, жорий йил якунига қадар ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар сони 657,8 минг (+ 60,3 минг) та оилани ташкил этиб, уларга қўшимча нафақаларни тўлаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 211,8 млрд. сўм маблағ назарда тутилган бўлиб, шундан 91,3 млрд. сўм молиялаштириб берилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида аниқланган камчиликларга эътибор қаратилди. Жумладан, аниқланган қўшимча даромадларга нисбатан 51,7 млрд. сўмлик маблағларнинг бюджетга ундирилиши таъминланмаган.
Шу билан бирга, пандемия шароитида маҳаллий бюджетлар даромадларининг ўз муддатида тушмаганлиги натижасида юзага келган вақтинчалик касса узилиши олдини олиш ҳамда белгиланган харажатларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларга республика бюджетидан 626 млрд. сўм бюджет трансфертлари ажратилган.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида 7 669 та микрофирма, кичик корхона ва ЯТТларнинг мол-мулк, ер ва сув солиғини 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириб тўлаш учун 132,7 млрд. сўм имтиёзлар берилган.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.